Ўзбекистон расман Туркий тилли давлатлар Кенгашига аъзо бўлди. Бу нима дегани?

Жамият

қонун

Кеча, 13 сентябрь куни Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлаётганини айтгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида ҳам айнан шу масала кўриб чиқилди. 

Ялпи мажлисда сенаторлар ишни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар. 

Таъкидланишича, ҳозирги вақтда 4 та давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТДҲК) аъзолари саналади. Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида (Туркия Республикаси) жойлашган.

Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган.

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2018 йилнинг 29-30 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёевга Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиш ва сентябрь ойида Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида ўтадиган навбатдаги саммитда иштирок этишни таклиф қилган эди. 

Ўзбекистон ташкилот саммитида иштирок этди ва келгуси саммитга мезбонлик қилиш масъулиятини олди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитдаги нутқида шундай деган эди

“Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”.

Бугун ўтган ялпи  мажлисда ҳам сенаторлар кейинги пайтда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар, энг аввало, минтақадаги қўшни мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик чуқурлашиб бораётганлигини қайд этдилар. Бу Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида Ўзбекистоннинг кўптомонлама ҳамкорлигини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиши товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини изчил рўёбга чиқариш, молия ва банк операцияларини соддалаштириш мақсадида савдо-сотиқ ва инвестициялар учун қулай шарт-шароит яратишга, божхона ва транзит тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий Мажлис Сенати Ялпи мажлис Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг