Ўзбекистон рақибининг ЖЧ олдидан ўйини бекор қилинди
Спорт
−
03 Июнь 8199 2 дақиқа
Жорий йилнинг 9 июнь куни Испаниянинг Ла-Линеа-де-ла-Консепсьон шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Конго Демократик Республикаси ва Чили терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бекор қилинди. Бу ҳақда “Mundo Deportivo” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан боғлиқ вазият сабабли шаҳар мэри Хуан Франко учрашувни ўтказишни тақиқловчи қарорни имзолаган.
Шаҳар раҳбарининг таъкидлашича, мазкур қарор соғлиқни сақлаш хавфсизлиги нуқтаи назаридан, Андалусия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиялари ҳамда шаҳар тиббий хизмати хулосалари асосида қабул қилинган.
“Бу қарорни қабул қилишга мажбур бўлганимиздан афсусдамиз, чунки ушбу ўйин шаҳар учун муҳим ва қизиқарли воқеа эди. Бироқ Конгодаги санитария вазияти ва тақдим этилган ҳужжатлар ҳеч қандай хавф йўқлигига тўлиқ кафолат бермайди. Шу боис мазкур қарорни энг мақбул ечим деб ҳисоблаймиз”, дейди Хуан Франко.
Шунга қарамай, Конго ДР терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарликни давом эттирмоқда. Жамоа жорий йилнинг 3 июнь куни Бельгиянинг Льеж шаҳрида Данияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши режалаштирилган.
Маъумот учун, Конго ДР терма жамоаси ўз тарихида иккинчи марта ва 1974 йилдан буён илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади. КДР Жаҳон чемпионатини жорий йилнинг 17 июнь куни Португалияга қарши учрашув билан бошлайди. Африка қитъаси вакилларининг Ўзбекистон терма жамоаси билан учрашуви гуруҳ босқичининг 3-турида бўлиб ўтади. Ушбу баҳс жорий йилнинг 28 июнь кунига белгиланган.
Live
БарчасиПашиняннинг қуши учмади
03 Июнь