Ўзбекистон раҳбари Ғазо ва Украинадаги вазиятга тўхталди

Олам

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Украина ва Ғазода рўй бераётган воқеаларга тўхталиб, бу ҳаракатларга нуқта қўйиш кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида айтиб ўтди. 

Президент Ғазо секторидаги тобора ёмонлашиб бораётган гуманитар инқироз ҳақида гапирар экан, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирган.

“Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз”, деган Мирзиёев БМТ минбарида туриб. 

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Украина атрофидаги вазият ҳам барчани жиддий ташвишга солаётганини қайд этиб, бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаган.

Давлат раҳбари барчанинг барқарор тараққиётини таъминлаш ҳақида сўз юритилар экан, мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим эканига эътибор қаратган. Шу маънода, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш таклиф этилган.

Қайд этиш жоиз, БМТнинг ушбу тадбири арафасида асосий эътибор Ғазодаги вазиятга қаратилмоқда. Ўнлаб Европа мамлакатлари тадбир доирасида Фаластин давлатини расман тан олди, Президентлар қон тўкишни тўхтатиш учун ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, сессиядаги нутқида Шавкат Мирзиёев Афғонистон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириб, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Украина Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг