Ўзбекистон Президенти Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг ўринбосарини қабул қилди
Жамият
−
16 Апрель 2019
3814Жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ўз навбатида, Алан Дункан кўрсатилган меҳмондўстлик учун Президентга самимий миннатдорлик билдириб, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэйнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистонда давлат бошқарувининг барча соҳалари ва иқтисодиёт тармоқларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқалар фаол давом эттирилмоқда, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация ва банк-молия соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. 2018 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажмида кейинги 10 йилдаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи қайд этилди.
Жорий йил февраль ойида Тошкент шаҳрида Буюк Британиянинг етакчи компаниялари иштирокида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг навбатдаги йиғилиши самарали ўтди.
Маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда. Мамлакатда Халқаро Вестминстер университети ва Британия кенгашининг ваколатхонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Учрашувда икки томонлама амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Британиянинг тўғридан-тўғри инвестицияларини, илғор тажриба ва технологияларини жалб қилган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан ҳал этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида интилиши қатъий экани алоҳида қайд этилди.
LiveБарчаси