Ўзбекистон парламенти коронавирус сабаб мажлисларини тўхтатди
Жамият
−
18 Март 2020
4939Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мамлакатга кириб келган коронавирус билан боғлиқ вазият сабабли вақтинчалик мажлислар ўтказишни тўхтатди.
“Айни пайтда Ҳукумат томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Депутатлар ҳам ушбу саъй-ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда тадбирлар ўтказилишини вақтинча тўхтатди”, дейилади қуйи палатаси расмий сайтидаги хабарда.
Қайд этилишича, қонун лойиҳалари устида ишлар ва муҳокамалар онлайн тарзда олиб бориляпти.
“Қонунчилик палатасида иш тўхтаб қолгани йўқ, аксинча фаолият қизғин давом этяпти. Сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари, қўмиталар замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда мавжуд қонун лойиҳалари устида ишлаяпти. Қонун лойиҳаларидаги кўп масалалар Telegram канали орқали онлайн муҳокама қилинмоқда. Шу билан бирга, долзарб қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, аҳамиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда депутатлар чиқишлари мунтазам ташкил этиляпти”, дейилади баёнотда.
Жорий йил 7 апрель куни Қонунчилик палатасида ўтказилиши режалаштирилган “Ҳукумат соати”ни ҳам вазиятдан келиб чиқиб, ўтказмасликка қарор қилинган.
Шу билан бирга, ҳар битта фракциядан депутат имзоси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига депутат сўрови жўнатилмоқда.
“Айни пайтда қуйи палатага келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар асосида вазирликка саволлар йўлланяпти. Масалан, ҳозирги вақтда кўп жойларда, яъни меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёш боласи бор ходимларга касаллик варақаси очилиши тартиби, уларни ўз ҳисобидан таътилга чиқариб юборишга йўл қўймаслик (айни пайтда бу ҳолат кузатилаётгани ачинарли), шунингдек, ёш болали аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани каби масалалар шулар жумласидан”, дея таъкидланган.
Депутатларнинг қайд этишича, фуқаролар ҳозирги шароитда зиён кўрмасликлари, аксинча, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари таъминланиши керак.
LiveБарчаси
26 Ноябрь