Ўзбекистон пансионатлар бўйича судда Қирғизистонни ютдими?

Олам

image

Қирғизистон Ҳукумати Халқаро арбитраж судида пансионатлар бўйича суд ишида Ўзбекистонга ютқазгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Қирғизистон Ҳукумати аппаратининг ахборот таъминоти бўлими суд иши ҳақида маълумот берди.

“Бугунги кунда ушбу ишни Халқаро арбитраж судида кўриб чиқиш давом этмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, бу каби даъво аризаларини кўриб чиқишда дастлаб даъвонинг ўзи эмас, бу даъвони Ҳалқаро арбитраж кўриб чиқиш ваколатига эга ёки эга эмаслиги муҳокама қилинади. Шундан сўнг масалани кўриб чиқиш жараёни бошланади.

Жорий йилнинг май ойи бошида биринчи босқич якунланди, унда халқаро арбитраж бу масалани кўриб чиқишга ваколатли экани тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу муносабат билан Қирғизистон Ҳукуматининг халқаро арбитраж судда бу масала бўйича ютқазгани ҳақидаги маълумот ҳақиқатдан йироқдир.

Бугунги кунда Ҳукумат томонидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва далиллар базасини яратиш ҳамда даъвогарнинг далилларини ўрганиш бўйича ишлар давом этмоқда”, дейилади хабарда.

2016 йил 4 апрелида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги Бош вазири Темир Сариев Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолади.

2017 йилнинг декабрида Қирғизистон Парламенти пансионатларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича Тошкент билан имзоланган шартномани ратификация қилган ва шундан сўнг, ўша пайтдаги Бош вазир Сапар Исақов тўрт пансионатни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги қарорни имзолаганди.

Аммо пансионатлар Ўзбекистонга қайтарилмагани сабабли 2017 йилда расмий Тошкент Халқаро арбитраж судига даъво билан чиққан.

Маълумот учун, ХХ асрнинг 1960-йилларида Совет Иттифоқи Министрлар кенгаши Иссиқкўлни бутуниттифоқ соғломлаштириш маркази сифатида эълон қилганди. Ўшанда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз маблағи ҳисобидан Иссиқкўлда тўрттадан пансионат барпо этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон пансионат

Баҳолаганлар

130

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг