Ўзбекистон Озарбайжон билан бирга кема қуриш лойиҳаларида қатнашиши мумкин
Жамият
−
10 Август 2023
3839Ўзбекистон Каспий денгизида ўз кемаларига эга бўлишдан манфаатдор. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов Озарбайжоннинг “Report.az” ахборот агентлигига берган интервьюсида сўз очди.
Бекзод Холматов Каспий денгизида ўз кемаларининг мавжудлиги Транскаспий йўналиши бўйлаб юк ташиш ҳажмининг ошишига хизмат қилишини айтган.
“Ўзбекистон ҳам Озарбайжон билан биргаликда кема қуриш лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдор. Тошкент бу борада бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, деган Холматов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Баку портида ўз терминалини қуриш бўйича ишларни олиб бормоқда.
Шу билан бирга, транспорт вазири ўринбосари Ўзбекистон импортчилари Баку порти билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор экани ва минерал ўғитлар терминалини узоқ муддатга ижарага олиши ёки уни яратишга сармоя киритишини билдирган. Унинг аниқлик киритишича, ҳозир бу масала ўрганилмоқда, техник-иқтисодий асослаш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон дунёда “икки карра қулфланган” (double locked countries) тоифасига кирувчи икки давлатдан биридир. Бу шуни англатадики, океанларга чиқиш учун камида иккита давлат чегарасини кесиб ўтиш керак. Шунга қарамасдан, 2022 йилда Ўзбекистондан Баку порти орқали экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 904 минг тоннани ташкил этган, бу 2021 йилга нисбатан 65 фоизга кўпдир. Озиқ-овқат юкларини, жумладан, шакар хомашёси, минерал ўғитлар ва контейнерларни ташиш ҳажми ошган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Озарбайжон Ўзбекистонга Баку денгиз порти инфратузилмасини имтиёзли шартлар асосида узоқ муддатли ижарага беришни таклиф қилган эди.
LiveБарчаси