Озарбайжон Ўзбекистонга Баку порти инфратузилмасини ижарага олишни таклиф қилди
Жамият
−
22 Июль 2023
4817Озарбайжон Ўзбекистонга Баку халқаро денгиз савдо порти инфратузилмасини имтиёзли шартлар асосида узоқ муддатли ижарага олиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда Шуша шаҳрида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 12-мажлисида сўз очилди.
Комиссия халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида транзит юк ташиш ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича икки давлат ўртасидаги ижобий ҳамкорликни қайд этган. Ўзбекистон томони Тошкент ва Баку ўртасида юк ташиш, жумладан, транзит юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида Баку-Тбилиси-Карс темир йўлидан фаол фойдаланишдан манфаатдорлигини билдирган.
Томонлар “Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа” халқаро мультимодал йўналиши ишида ҳар икки давлат иштирокининг муҳимлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон томони транспорт соҳасини рақамлаштириш ва трансформация қилиш, йўллар ва аэропортлар қуриш бўйича Озарбайжон тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирган.
Йиғилиш якунида эса баённома имзоланиб, унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлигига:
• манфаатдор идоралар билан биргаликда икки давлат ўртасида транспорт ва транзит ташиш соҳасида ҳамкорлик бўйича Қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши баённомаси қарорларини амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш;
• автотранспорт воситаларининг ўзаро таъсирини янада кўпайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш;
• “Ўрта коридор” бўйлаб ўзаро ҳамкорликни давом эттириш;
• етказиб бериш занжири узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ахборот алмашинувини яхшилаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш;
• Ўзбекистоннинг экспорт-импорт юкларини Озарбайжон ҳудуди орқали ташиш ҳажмини 2023 йилда 1,5 миллион тоннага етказиш чораларини кўриш вазифалари топширилган.
Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Озарбайжонга бориб, мамлакат Президенти Илҳом Алиев ва Бош вазири Али Асадов билан учрашганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь