Ўзбекистонда мактаб етишмовчилиги муаммоси қандай ҳал этиляпти?

Жамият

image
Турдимов ва Саидов диққатига: Пайариқда 300 га яқин бола сарсон бўлмоқда north_east

Турдимов ва Саидов диққатига: Пайариқда 300 га яқин бола сарсон бўлмоқда

Cўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда мактаб етишмовчилиги мавзуси турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда ушбу масалани ҳал этиш учун давлат томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда? Халқ таълими вазирлиги Матбуот котиби Лайло Рустамова шу масалада маълумот берди.

Қайд этилишича, 2018-2021 йиллар давомида юртимизда олиб борилган мактабларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасини яхшилаш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида мактабларида қўшимча янги 474,5 минг ўқувчи ўринлари яратилган. Шундан 58,7 минг ўқувчи ўрни янгидан барпо этилган 156 та мактабда ҳамда навбатлилик коэффиценти юқори бўлган мавжуд 1511 та умумтаълим мактабларига қўшимча ўқув бинолари барпо этилиши натижасида 371,4 минг ўқувчи ўрни яратилишига эришилган.

“Юқорида тилган олинган қарийб ярим миллион ўқувчи ўрнини яратишга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бундан ташқари мактаблар 11 йиллик таълим тизимига ўтиши муносабати билан бўшаб қолган 383 та касб-ҳунар коллежлари мактабларга айлантирилиши ҳисобидан 221 минг қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Ушбу янги ўқув ўринларининг яратилиши навбатлилик коэффиценти ошиб кетган мактаблардаги ҳолатни меъёр даражасига олиб тушишга ва таълим олишга муносиб шарт-шароитлар яратишга хизмат қилган”, дейди Лайло Рустамова.

Таъкидланишича, ҳукумат томонидан тасдиқланган тегишли ҳужжатга кўра, 2022 йилда Республика бўйича жами 306 та умумтаълим мактабларида, шундан 15 176 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 37 та мактабларни янгидан қуриш, 71 819 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 180 та мактабни реконструкция қилиш ва мавжуд 89 тасини мукаммал таъмирланиши белгиланган.

“Ҳукуматнинг тегишли топшириғига кўра, ҳудудлардаги ҳолатни манзилли ўрганиш мақсадида турли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар ташкил этилиб ва улар томонидан бугунги кунда Республиканинг барча ҳудудларда мавжуд талаблар ўрганилмоқда.

Ўз ўрнида халқ таълими вазири раҳбарлигида хам ҳудудларга чиққан ҳолда энг аввало янги барпо этилаётган уй-жой массивлари ҳудудида янги мактаб биноларини барпо этиш, қувватига нисбатан ўқувчилар сони кескин ошиб кетиши кутилаётган мактабларга қўшимча ўқув биноларини қуриш ҳамда таъмирталаб мактабларни таъмирлаш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган манзилли дастурни шакиллантириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда”, дейди ХТВ вакили.

Хусусан, куни кеча Халқ таълими вазири томонидан Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидаги мактаблардаги мавжуд ҳолат ўрганилган. Хусусан Қарши, Косон, Касби туманлари ва Қарши шаҳридаги мактаблар ҳамда Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйи, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Жомбой тумани мактабларидаги мавжуд ҳолатларни ўрганиш натижасида келгуси 5 йилги Инвестиция дастури манзилли рўйхатларига киритилган.

Вазирлик прогнозларга кўра келгуси 5 йилликда мактаб ўқувчиларининг кутилаётган сони 7,5 млнга етиши кутилмоқда. 

“Мактаблардаги ўқувчи қуввати етишмаслиги оқибатида юзага келиши мумкин бўлган муаммони олдини олиш мақсадида энг аввало, келгуси беш йилликда ҳудудларда янги барпо этиладиган уй-жой массивларида янги мактаблар қурилишини, қувватига нисбатан ўқувчилар сони кўпайиб кетган  ва келгусида ўқувчилар сони кескин ўсиши кутилаётган мактабларга қўшимча ўқув биноларини қуришни (ҳудуддаги мактаб ёшидаги болалар сонини демографик ўсишини ҳисобга олган ҳолда), шунингдек, мактаб филиалларини тўлақонли мактабларга айлантириш ишларини жадаллаштиришни талаб этади.

Ишчи гуруҳлар томонидан ўрганишлар якуни бўйича шакллантирилган дастлабки 2022-2026 йилларга мўлжалланган умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, бунда ўқув биноси қуришда зарур бўлган 1,2 млн. ўқувчи ўрнини ҳам инобатга олиш ҳамда мавжуд мактабларни мукаммал таъмирлаш бўйича манзилли дастурлар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан умумлаштирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилади”, дея сўзини якунлаган Лайло Рустамова.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг