Турдимов ва Саидов диққатига: Пайариқда 300 га яқин бола сарсон бўлмоқда

Жамият

image

Мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 

Жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз.

QALAMPIR.UZʼга Самарқанд вилояти Пайариқ тумани “Дўстлик” маҳалласида яшайдиган аҳолидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатга кўра, ушбу туманнинг Каттасой қишлоғида яшайдиган болалар учун мактаб йўқ. Улар ҳар куни илм олиш мақсадида ўртача 4 км узоқликдаги 30-сонли ва 72-сонли мактабларга қатнашга мажбур. Қишлоқ аҳолисининг таъкидлашича, яқин атрофдан мактаб қуриб беришни сўраб, туман мутасаддиларига бир неча бор мурожаат қилинган, аммо натижа йўқ.

“Менинг икки фарзандим бор. 4 км узоқликдаги 77-мактабга боради. Йўллар ёмон. Атрофимизда 3 та мактаб бор, ҳаммаси биздан анча узоқда. Қишлоғимизда тахминан 250 га яқин болалар 30-сонли мактабга қатнайди. У мактаб ҳам тахминан 4 км узоқда жойлашган. Йўлларнинг аҳволи яхши эмас, қишда лой, баҳор ва кузда тупроқ, чанг-тўзон. Фарзандларимиз ўқисин, деб узоқда бўлса ҳам мактабга боришга мажбурмиз. Мактаблар орасидаги масофа энг ками 3,5-4 км чиқади, 6 км узоқликдагилари ҳам бор. Йўллар ёмон, яқин атрофда, ҳатто, боғча ҳам йўқ. Биз анча вақтдан бери яқинроқдан битта мактаб қурилиши учун югуриб юрибмиз, лекин ҳеч натижаси бўлмаяпти.

Пайариқ туманидан экспедиторлар келди, масофаларини ўлчади-да “қурилиши керак экан”, деб кетди. Шундан бери анча вақт ўтди, ҳали қайтиб келишмади. Ҳокимни ўзи келиб кетганда ҳам дастурга киритилишини айтганди, аммо ҳамон жимжитлик. Депутат деганларининг сояси ҳам йўқ. Маҳалла раислари фақат бирон жойда жанжал бўлса келади, бўлмаса йўқ. Биз мактаб қурилиши учун мурожаат қилсак, “ўзларинг ҳаракат қилинглар”, дейишади”, дея ёзғиради фарзандларининг соғлиғи ва келажагидан хавотирланаётган ота Баҳром Ҳотамов.

Аҳолининг таъкидлашича, қишлоқда тахминан 300 га яқин бола мактабга боради. Ёш оилалар кўп бўлгани боис, асосий мактабга борадиган болалар бошланғич синф ўқувчилари, яъни 7-14 ёш орасидаги болалардир. Хуршида опа ҳам 4 фарзанднинг онаси. Улардан 3 нафари мактаб ўқувчиси. Опа тўртинчи фарзандини ўз қишлоғида қурилажак мактабга беришдан умидвор.

“Мактаб жуда узоқ. Катта фарзандим 6-синфда ўқийди, у 30-мактабга боради, дарслари иккинчи сменада. Соат 13:30 да бошланадиган дарсига уйдан 12:00 га яқин чиқиб кетади. Уйга эса эрта келганда 18:30 ёки 19:00 га етиб келади. Қоронғуда хавортирланаман, қиз бола тағин”, дейди 4 фарзанднинг онаси Хуршида Хайруллаева.

“Мени 3 та фарзандим бор, бу йил катта қизим биринчи синфга чиқди. Рости мактабга бергим келмади, жуда узоқ. Тасаввур қилинг, эндигина биринчи синфга борган қизча 4 км узоқдаги мактабга бориб-келиш учун 8 км йўл юради. Мактабга боргунча чарчаб қолади. Иссиқда мадори қуриб келса, қишда оёғидан сув ўтиб келади. 

Кичкина ўғлимни боғчага беришим керак, лекин боғча ҳам йўқ. Хуллас бизга янги мактаб керак, яқинроқда жойлашган мактаб керак”, дея таъкидлайди Собир Абдувалиевич.

Мазкур ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилиб, аҳоли яшаш жойларида мактаблар қурилиши билан боғлиқ норма қандайлиги билан қизиқди. Вазирлик Матбуот котибининг маълум қилишича, қишлоқ жойларда умумтаълим мактаблари узоғи билан 1,5 км узоқликда қурилиши белгиланган. Мактаб жойлашган ҳудудга борадиган йўл бир йўналишда ва пиёда 15 дақиқада етиб олиш учун қулай бўлиши лозим. 

Шунингдек, транспорт хизмати мавжуд йўл бўлса, 3 км узоқликда қурилишига рухсат берилган.

Вазирлик вакилининг сўзларидан ҳам кўриниб турибдики, Пайариқ тумани “Дўстлик” маҳалласи Каттасой қишлоғида яшайдиган болалар учун транспорт хизмати мавжуд бўлса ҳам, бўлмаса ҳам мактаб қурилиши керак. Ахир 300 нафар боланинг баҳор ва кузнинг ёмғирли кунларида тайинли йўли, қишнинг совуғида панаси йўқ кўчалардан юриб, 4 км узоқликдаги мактабга бориб келишини тасаввур қилиш ҳам қийин.

Таълимга триллионлаб пул ажратилаётган, инсон қадри учун дея қайта сайланган Президент Шавкат Мирзиёев соҳага эътиборни кучайтираётган шароитда бир қишлоқда 300 нафар мактаб ёшидаги боланинг сарсон бўлиши уятли ҳолат эмасми!?

Умид қиламизки, Каттасой қишлоғидаги вазият вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов эътиборидан четда қолмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

363

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг