Ўзбекистон Конституциясига 29 йилда нечта қўшимча киритилган?
Бу қизиқ
−
08 Декабрь 2021
7426Бугун, 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганига 29 йил тўлди. Шу вақтгача мамлакат бош қомусига 16 марта ўзгартириш киритиб бўлинган.
Ўтган 29 йил давомида Конституцияга қуйидаги ўзгартиришлар киритилган:
1993 йил 28 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 77-моддаси 1-қисмидаги “150 нафар депутатдан” деган сўзлар “депутатлардан” деган сўз билан алмаштирилди;
2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида 2003 йил 24 апрелда қабул қилинган Қонунига мувофиқ, Конституциянинг XVIII, XIX, XX, XXIII бобларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган;
2007 йил 11 апрелдаги Қонун билан Конституциянинг 89-моддасига, 93- моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига тузатишлар киритилган;
2008 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 77-моддаси биринчи қисмига ўзгартиш киритилган;
2011 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциясининг 78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;
2011 йил 12 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 90-моддаси иккинчи қисмига тузатиш киритилган;
2014 йил 16 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 32, 78. 93, 98, 103 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;
2017 йил 6 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110 ва 111-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;
2017 йил 31 майда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80, 93, 108, ва 109-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;
2017 йил 29 августда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 99 ва 102-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган;
2018 йил 15 октябрда қабул қилинган Қонун билан 105-модданинг биринчи қисмидаги “икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини” деган сўзлар “раисни (оқсоқолни)” деган сўзлар билан алмаштирилган;
2019 йил 18 февралда қабул қилинган Қонун билан 80 ва 93-моддаларига ўзгартириш киритилиб, Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизмати деб юритила бошланди;
2019 йил 5 мартда қабул қилинган Қонунга асосан 79, 93 ва 98-моддаларга ўзгартиришлар киритилган;
2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган Қонунга асосан сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан 96 ва 117-моддаларга ўзгартиришлар киритилди;
2021 йил 8 февралда қабул қилинган Қонунлар билан 117-моддага сайловларни октябрь ойида ўтказишга оид, шунингдек, 7, 33, 85, 86, 93, 98, 100-моддаларга қонунчилик ҳужжатлари тушунчаси билан боғлиқ, 107-моддага суд тизими ислоҳотлари билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган.
Маълумот ўрнида, дунёда илк бор АҚШда 1787 йилда Конституция қабул қилинган. Ўтган 234 йилда Америка бош қомусига 27 марта ўзгартириш киритилган.
LiveБарчаси