Ўзбекистон ХМТнинг яна бир конвенциясини ратификация қилади
Жамият
−
12 Май 2020
5970“Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат қилувчиларга ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда зарарни қоплаш тўғрисидаги 17-сон Конвенциясини (Женева, 1927 йил 1 апрель) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
ХМТнинг 17-сон конвенциясининг мақсади ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар натижасида тан жароҳати олган ишчиларга ёки уларнинг қарамоғида бўлганларга товон пули тўланишини таъминлашдан иборат.
ХМТнинг “Меҳнат қилувчиларга ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда зарарни қоплаш тўғрисида”ги 17-сон конвенцияси ХМТнинг устувор конвенцияларидан биридир.
ХМТнинг 17-сон конвенциясига биноан миллий қонунчилик ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар оқибатида жабрланганларга зарар қопланишини кўзда тутиши керак.
Ҳозирги вақтда ХМТнинг 17-сон конвенцияси 74 та давлат, жумладан МДҲнинг Aрманистон ва Қирғизистон мамлакатлари томонидан ратификация қилинган.
Билдирилишича, Ўзбекистон қонун ҳужжатларида ХМТнинг 17-сон конвенциясига зид бўлган ёки мос келмайдиган қоидалар мавжуд эмас. Жумладан:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 189-моддасига мувофиқ ходимнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки у ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт эканлиги;
Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни 33-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши туфайли унинг ҳаёти ва соғлиғига ўзи етказган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қоплаши;
бахтсиз ҳодисаларда ишчиларга зарарни тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари”га асосан амалга оширилиши белгиланган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси томонидан ХМТнинг “Меҳнат қилувчиларга ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда зарарни қоплаш тўғрисида”ги 17-сон конвенцияси ратификация қилиниши миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар юз берганда ишчиларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни самарали жорий этиш учун хизмат қилади.
ХМТнинг 17-сон конвенцияси ратификация қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикасининг келгусида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шу жумладан Жаҳон савдо ташкилотига интеграциялашуви учун шароит яратилади ҳамда Преференциялар умумий (бош) тизими доирасида Европа иттифоқи билан ҳамкорлик янада ривожлантирилади.
ХМТнинг 17-сон конвенцияси ратификация қилиниши келгусида халқаро меҳнат стандартларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, Ўзбекистоннинг ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан муносабатларда ижобий имижини шакллантиришга ёрдам беради, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар амалда бажарилишининг кўрсаткичи бўлади.
ХМТнинг 17-сон конвенциясини ратификация қилиш учун бюджетдан қўшимча маблағлар, шунингдек, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши талаб қилинмайди, дейилади ҳужжатда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь