Ўзбекистон Кариб денгизидаги орол давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди

Жамият

image

Кеча, 10 сентябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон билан Сент-Люсия мамлакати ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди. 

Ҳужжатни икки давлат ҳукуматлари номидан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Сент-Люсиянинг БМТдаги доимий вакили Менисса Рамбали имзолаган. 

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирган. 

Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилган. 

“Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди”, дейилади хабарда. 

Қайд этиш жоиз, Кариб денгизининг шарқий қисмида жойлашган Сент-Люсия орол давлати Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 163-давлат саналади.

Маълумот учун, Сент-Люсия Кариб денгизидаги кичик орол давлати бўлиб, Кичик Антил ороллари таркибига киради. Пойтахти – Кастри шаҳри. Мамлакат 1979 йилда Буюк Британиядан мустақилликка эришган. Расмий тил – инглиз тили, аҳолининг асосий қисми эса креол тилида ҳам сўзлашади. Аҳолиси тахминан 180 минг атрофида бўлиб, иқтисодиётининг асосий тармоқлари туризм, қишлоқ хўжалиги (айниқса банан етиштириш) ва молиявий хизматлардир. Амалда ҳукумат Бош вазир томонидан бошқарилади. Сент-Люсия ўзининг гўзал пляжлари, Питон тоғлари ва бой Кариб маданияти билан машҳур.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Эритрея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш бўйича қўшма коммюнике имзоланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Сент-Люсия Менисса Рамбали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг