Алиев Ўзбекистон Қорабоғда мактаб қураётгани учун Мирзиёевга раҳмат айтди

Жамият

image

Ўзбекистон Озарбайжонинг ўтган йили озод қилинган Фузули туманида мактаб қуради. Бу ҳақда бугун, 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо давлатлар раҳбарларининг Истанбул яқинидаги “Демократия ва эркинлик” оролида ўтказилаётган VIII саммитида айтиб ўтилди.

Саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев расмий Тошкентнинг Қорабоғда мактаб қуриш қарорини олқишлаб, миннатдорлик билдирди.

“Мен Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон Давлат бюджети маблағи эвазига Фузули туманида катта мактаб қурилади”, деган Озарбайжон раҳбари.

Илҳом Алиев шунингдек, мактаб лойиҳаси аллақачон Озарбайжон томонига тақдим этилганини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ишғолдан озод этилган Қорабоғда Озарбайжонга туҳфа сифатида мактаб қуриши ҳақида хабар берган эдик.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш саммитида нутқ сўзлаб, тузилманинг ташкилотга айлантирилишининг фойдалари, Афғонистон муаммосига тўхталиб ўтди. Шунингдек Ўзбекистон раҳбари кенгаш аъзоларига бешта таклиф билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

335

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг