Ўзбекистон Қирғизистонга ойига 20 минг тоннагача ёнилғи етказиб бериши мумкин

World

image

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан ҳар ой 20 минг тонна ёнилғи етказиб бериш бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Администрацияси раҳбари Одилбек Қосималиев “Кабар” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда истеъмол қилинадиган ёнилғининг 90 фоиздан ортиғи импорт қилинади. Геосиёсий вазият ва Яқин Шарқдаги воқеалар ёнилғи нархига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу муносабат билан мамлакат Россия, Беларусь, Хитой, Озарбайжон, Ўзбекистон, шунингдек, Европа давлатлари ва Туркия билан ёнилғи етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Қосималиевнинг айтишича, у Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан музокаралар ўтказган ва ёнилғи таъминоти масаласи муҳокама қилинган.

“Уларда ҳар ой 20 минг тоннадан ёнилғи етказиб бериш имконияти бор”, деган Қосималиев.

Ҳукумат раҳбарининг айтишича, Беларусь ёнилғи етказиб беришда фаол қўллаб-қувватламоқда ва ҳозирда мамлакат улардан ёнилғи олмоқда. Шунингдек, Хитойдан ёнилғи ортилган дастлабки 5 та автомобиль Қирғизистонга етиб келган.

“Бироқ ёнилғини Хитойдан автомобиль эмас, темир йўл орқали етказиш керак. Айни пайтда бу масала юзасидан музокаралар давом этмоқда. Бундан ташқари, Озарбайжон билан ҳам музокаралар олиб бориляпти”, деган Қосималиев.

Шу билан бирга, Европа давлатлари ва Туркиядан ҳам ёнилғи етказиб берилаётгани, бироқ транзит билан боғлиқ қийинчиликлар мавжудлиги қайд этилган. Шунингдек, Қосималиев Қирғизистонда ёнилғи нархлари Ўзбекистон ва Тожикистонга нисбатан арзон эканини қайд этган.

“Ёнилғининг ўзи қимматлашмоқда, уни етказиб бериш харажатлари ҳам сезиларли даражада ошди. Дизель ёнилғиси, автомобиллар учун газ ва AI-92 маркали бензинни субсидиялаш бўйича тегишли низом ишлаб чиқилган. Шунинг учун биз нархларни ушлаб турибмиз ва уларнинг кескин ошиб кетишига йўл қўймаяпмиз. Лекин нархлар барибир аста-секин ошиб боради. Агар таққосласак, Ўзбекистон ва Тожикистонга нисбатан бизда дизель ёнилғиси ва AI-92 бензини нархи 20-25 сомга арзон. Бу фарқни ҳозир республика бюджети ҳисобидан субсидия қиляпмиз”, деган Қирғизистон Бош вазири.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ёнилғининг барқарор етказиб берилишини таъминлаш ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари (ЁММ) тақчиллиги юзага келишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ва бир қатор бошқа давлатларга расмий мурожаатлар йўллаган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends