Ўзбекистон Гулнора Каримованинг 1,3 млрд пулини қайтариш учун 5 мамлакат билан бамаслаҳат иш қиляпти
Жамият
−
06 Декабрь 2019
9766Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи – собиқ Фонд Форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримовага оид жиноят иши юзасидан янги баёнотни эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан Гулнора Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида 1,3 млрд АҚШ доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши гарчи отаси ҳаётлик чоғида, 2013 йилдаёқ очилган бўлса ҳам, 2017 йилгача сир сақлаб келинган эди. Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 168, 178, 179, 182, 184, 189, 227, 228, ва 243-моддалар) билан айблов эълон қилинган.
Жорий йилнинг август ойида эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Гулнора Каримова Зангиота туманидаги аёллар колониясида суд томонидан тайинланган жазони ўтамоқда.