Ўзбекистон Грузия билан стратегик шерик бўлди

Жамият

image
Бугун, 3 июль куни тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, делегациялар раҳбарлари ҳузурида ҳам қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилган. Жумладан:
  • Божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро маъмурий ёрдам тўғрисида битим;
  • Ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Касбий ва олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Ҳукумати ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  • Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Грузия Маданият вазирлиги ўртасида 2027-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  • Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Грузия Молия вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
  • “E-Permit” рухсатномалар алмашинуви ахборот тизимини жорий этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Радиациявий ҳимоя ва ядровий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик ҳамда ахборот алмашиш тўғрисида меморандум;
  • Меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум.


Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан Грузия Адлия вазирлигининг Мажбурий ижро бюроси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев айни пайтда давлат ташрифи билан Грузияда бўлиб турибди. Кеча, 2 июль куни Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг музокаралари бўлиб ўтганди. Шунингдек, Тбилиси шаҳридаги тадбирлар доирасида Шавкат Мирзиёевни Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон Республикасининг Грузиядаги элчихонасини таъсис этиш тўғрисида қарор ҳам қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг