Ўзбекистон гандбол федерациясига янги раҳбар сайланди
Спорт
−
24 Декабрь
3080Ўзбекистон гандбол федерациясига янги раҳбар этиб “Навоий конь-металлургия комбинати”нинг бош директори Қувондиқ Саноқулович Саноқулов сайланди. Бу ҳақда гандбол федерацияси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти иштирокида мамлакат гандбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилган. Унда федерацияга янги раҳбари сайланган.
Тадбирда “Навоий конь-металлургия комбинати”нинг бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Саноқулович Саноқулов номзоди Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига илгари сурилган.
Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллаган ва Саноқулов Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланган.
Маълумот учун, Қувондиқ Саноқулов 1952 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Тошкент политехника институтини тамомлаган, муҳандис-металлургия, техника фанлари доктори. У Тошкент ва Навоий вилоятлари халқ депутатлари Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси саналади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов Ўқ отиш спорти федерацияси раиси лавозимига сайланганди.