Ўзбекистон Фаластиндан Исроил қўшинлари чиқиб кетиши учун овоз берди
Олам
−
19 Сентябрь
7551Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) Бош ассамблеяси кеча, 18 сентябрь куни Исроилдан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларидан кучларини олиб чиқишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Фаластин томонидан ўнлаб бошқа давлатлар билан биргаликда таклиф этилган резолюция учун 124 та делегация овоз берди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. 43 та давлат бетараф қолди, 14 таси эса қарши чиққан.
Резолюция Исроил қўшинларини Фаластин ҳудудларидан олиб чиқиб кетишни, янги аҳоли пунктлари қурилишини тўхтатишни, босиб олинган ерлар ва мол-мулкни қайтаришни, шунингдек, кўчирилган фаластинликларни қайтариш имкониятини талаб қилади.
БМТ Халқаро судининг 1967 йилдан бери Фаластин ҳудудлари босиб олиниши “ноқонуний” деган маслаҳат хулосасига асосланади.
Исроил резолюцияни қатъиян рад этди. Мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Дани Данон овоз беришни “Фаластин мухториятининг дипломатик терроризмини қўллаб-қувватловчи шармандали қарор” деб атади.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд овоз беришдан олдин резолюцияни “фитна қўзғатувчи” деб қоралади ва унинг “тинчлик ишига ҳеч қандай фойда келтирмаслигини” таъкидлади.
Маълумот учун, резолюция мазмуни Халқаро жиноят суди томонидан жорий йилнинг июль ойида эълон қилинган маслаҳат хулосасидан келиб чиққан бўлиб, унда суд Исроилнинг Фаластин ҳудудида давом этишини қонуний эмас ва уни “барча давлатлар тан олмаслик мажбурияти бор” деб эълон қилди.