Ўзбекистон энергетиклари Афғонистондан хавотирда

Жамият

image

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти Ахборот хизматига  кўра, Энергетика тизимида Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлиги ҳар икки томон учун ҳам манфаатли. Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини экспорт қилиш, Ўзбекистон иқтисодиётига чет эл валютаси оқимини оширишга хизмат қилади. 

Лекин, Ўзбекистоннинг ўзида электр таъминотидаги узилишлар бўлаётган бир пайтда энергия экспортидан не наф, деган жўн фикрлар ҳам айрим истеъмолчилар томонидан билдирилаётгани бугун ҳақиқат.

Бу борада энергетика тизими мутахассислари, ҳатто хорижий экспертлар ҳам ўз фикрларини баён этиш ва турли носозликлар туфайли ёки симёғоч ва ускуналарни янгисига алмаштиришда (модернизация дастури) содир бўладиган узилишлар энергия экспортига боғлиқ эмаслиги жамоатчиликка маълум қилинди.

Шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Афғонистондаги магистрал электр узатиш тармоқлари (бир нечта тармоқ устунлари) жангарилар томонидан портлатилгани ҳақида хабарлар хорижий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарқалган эди. 

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни соат 14:00 дан кейин Ўзбекистондан Афғонистонга узатилаётган электр энергия миқдорини қабул қилиш даражасида кескин тушиш ҳолати рўй бериб, бу одатдагидан қарийб 3 марта кам экани "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖнинг ахборот хизмати томонидан маълум қилинган эди.

Орадан чамаси ўн кун ўтгач, яъни 24 сентябрь куни соат 17:00 лар атрофида узатиш қувватида қисқа муддатли узилишлар пайдо бўлиб, тахминан 17:40 ларда тармоқда яна юклама пайдо бўлгани, аммо орадан ярим соат вақт ўтгач, мавжуд қувват даражаси меъёрдагисидан қарийб 4,5 марта пасайиб кетгани хабар қилинган. 

Бу воқеа-ҳодиса жамиятнинг экспорт салоҳиятини пасайтириб юбораётганига хавотир билдирган ҳолда юзага келган носозликлар афғон энергетиклари — "Da Afghanistan Breshna Sherkat" (DABS) томонидан тез орада бартараф қилиниб, энергия экспорти белгиланган тартибга мувофиқ давом эттирилишига умид билдирилган эди. 

Шу йилнинг 9 октябрга ўтар кечаси, аниқроғи тунги соат 01:40 да Афғонистон Ислом Республикасига етказиб берилаетган электр энергиясининг микдори 0 (ноль) даражага тушиб кетди. "Da Afghanistan Breshna Sherkat" мутассаддиларидан олинган маълумотларга қараганда, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Саланг довонидан ўтувчи "Пули-Хумри" ва "Чимтала" подстанцияларини боғловчи 220 кВли ҳаво линиясининг 386-таянч устунига зарар етган. 

Жорий йилнинг 9 октябрь куни соат 09:56 да экспорт фақатгина Мозори Шариф йўналиши бўйича тикланган ва бу умумий экспорт қийматининг 10–13 фоизини ташкил этади. Сўнгги маълумотларга кўра, жанговор ҳаракатлар туфайли носоз ҳолга келган устунлар 3-4 кун ичида таъмирланади.

Шу йилнинг 11 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Марказий Осиё электр энергияси мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 32-йиғилишида Афғонистон Ислом Республикаси вакили — "Da Afghanistan Breshna Sherkat" масъул ходими, Балх вилояти электр тармоғи корхонасининг техник масалалар бўйича директори жаноб Муҳаммад Омон иштирок этиши кутилмоқда.

Қўшни афғон юртининг энергетика тизимида қандай янгилик ва муаммолар борлиги ҳақида афғонистонлик мутахассисдан батафсил маълумотлар олиш мумкин бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

электр энергияси Ўзбекистон Афғонистон

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг