Ўзбекистон элчиси Саудия валиаҳдига ишонч ёрлиқларини топширди
Жамият
−
02 Октябрь 2025 2498 1 дақиқа
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистони валиаҳди, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Саудия Арабистони валиаҳди Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд номидан 37 та хорижий давлатнинг 2023-2024 йилларда тайинланган элчиларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилган.
Ар-Риёз шаҳридаги Ал-Ямама саройида бўлиб ўтган маросимдан сўнг, ўтказилган мулоқотда Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ўзбекистон Президентига мамлакат Подшоҳи ҳамда ўзининг самимий тилаклари ва илиқ саломларини йўллаган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 20 февралида ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Нодиржон Турғунов 2024 йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси сифатида Ар-Риёз шаҳрига борганди. Шунингдек, у 2024 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили сифатида аккредитациядан ўтган. 2025 йилнинг апрель ойида эса у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг биринчи элчиси сифатида Баҳрайн Ташқи ишлар вазирлиги вакилларига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган эди. Шунингдек, у 2 июнь куни Иорданиядаги элчи сифатида ушбу мамлакат Подшоҳи Абдуллоҳ II бин ал-Ҳусайнга ишонч ёрлиқларини тақдим қилганди.
Live
БарчасиСурияда КИП қўмондони ўлдириб кетилди
21 Январь