Ўзбекистон элчиси Испания Қиролига ишонч ёрлиқларини топширди
Жамият
−
09 Апрель
3709Ўзбекистоннинг Испанияга янги тайинланган элчиси Фаррух Турсунов Мадрид шаҳрида мамлакат Қироли Филипп VI га ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.
“Қирол Филипп VI Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Республикада кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, очиқ ташқи сиёсатни амалга ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришилганини таъкидлади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президентининг сиёсий ташаббуслари, мамлакат фаровонлиги, бутун Марказий Осиё минтақасидаги жараёнлар, айниқса, қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қўшаётган ҳиссаси алоҳида қайд этилган.
Испания Қироли икки томонлама муносабатларни барча жабҳаларда мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирган.
Учрашув якунида Қирол Филипп VI Ўзбекистон элчисига икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли ишларига муваффақият тилаган.
Маълумот учун, Фаррух Турсунов 2023 йил 7 декабрь куни Тошкентдан Мадридга етиб борган. Бунгача у Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик таҳлил ва прогнозлаш бош бошқармаси, шунингдек, Йиғма ахборот-таҳлил департаментини бошқариб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев Деҳлидаги "Rashtrapati Bhavan" саройида Ҳиндистон Президенти Драупади Мурмуга ишонч ёрлиқларини топширган эди.
LiveБарчаси