Ўзбекистон элчихонаси Исроилга ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
27 Май 17287 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Вашингтондаги Исроил элчихонасининг икки ходими фожиали ўлдирилгани юзасидан чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Ушбу баёнотда жорий йилнинг 21 май куни АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Яҳудий музейи яқинида юз берган қуролли ҳужумда ҳалок бўлган икки исроиллик дипломатнинг ўлими ҳақида сўз боради.
“Марҳумнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз. Биз бу даҳшатли ҳаракатни қатъиян қоралаймиз, дипломатик ходимларга қарши ҳар қандай ҳужумлар қабул қилиниши мумкин эмас ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зиддир”, дейилади элчихона хабарида.
Қайд этиш жоиз, 21 май куни кечқурун Вашингтондаги яҳудий музейи олдида Исроил элчихонасининг икки ходими – эр-хотин Ярон Лишчинский ва Сара Милгрим чикаголик 30 ёшли Элиас Родригес томонидан отиб ўлдирилганди. Ҳужумчи отишма олдидан “Фаластинга озодлик” шиорини ҳайқирган.
Эслатиб ўтамиз, Родригеснинг иши “нафрат жинояти ва терроризм” сифатида текширилмоқда. 22 май куни Вашингтондаги федерал судда гумонланувчига қарши айбловлар қўйилган. Айбловлар рўйхатига иккита биринчи даражали қотиллик, хорижий амалдорларни ўлдириш, ўқотар қурол билан ўлдириш ва зўравонлик жиноятида ўқотар қуролдан фойдаланиш киради. Ҳозирда у 18 июнь куни бўлиб ўтадиган дастлабки суд мажлисигача ҳибсда сақланмоқда.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси