Ўзбекистон дзюдосига 24 йилдан кейин жаҳон чемпионлиги қайтди
Спорт
−
14:37 853 2 дақиқа
Ўзбекистонлик Муҳаммаджон Машарипов Тошкентда ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар берди.
Қайд этилишича, -60 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Машарипов финалда АҚШ вакили Жонатан Янгга қарши татамига чиқди. Жаҳон рейтингида биринчи ўринда турган америкалик спортчига қарши кечган беллашувнинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади. Қўшимча вақт – “Golden Score”да эса ўзбекистонлик дзюдочи устунликка эришиб, чемпионликни қўлга киритди.
Маълум қилинишича, бу Ўзбекистон вакилининг ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида -60 килограмм вазн тоифасида 24 йиллик танаффусдан сўнг қўлга киритган илк олтин медалидир. Сўнгги бор 2002 йилда Жанубий Кореянинг Чежу оролида ўтказилган мусобақада Санжар Зокиров ушбу вазнда жаҳон чемпиони бўлган. У финалда Қозоғистон вакили Асет Тусуповни мағлуб этган.
Кейинги йилларда ўзбекистонлик дзюдочилар мазкур вазн тоифасида жаҳон чемпионатининг бир неча бор совриндорига айланган. Хусусан, 2008 йилда Ғабит Есимбетов бронза, 2013 йилда Диёрбек Ўразбоев кумуш, 2024 йилда Муродил Муродиллаев ва 2025 йилда Самариддин Қўчқоров бронза медалларини қўлга киритган.
Қайд этилишича, 2025 йилда Перунинг Лима шаҳрида ўтказилган чемпионатда Жонатан Янг ҳам бронза медалига сазовор бўлган. Бу йил эса у финалда Муҳаммаджон Машариповга имкониятни бой берди.
Шунингдек, янги жаҳон чемпионининг тайёргарлигига 2013 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби Диёрбек Ўразбоев масъул бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Париж Олимпиадаси чемпиони, ўзбекистонлик дзюдочи Диёрa Келдиёрова ижтимоий тармоқларда япониялик дзюдочи Ута Абэ билан таққосланишини Лионель Месси ва Криштиану Роналду ўртасидаги рақобатга ўхшатгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси