Ўзбекистон дипломлари 38 давлатда тан олиниши кутилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон Республикасида олинган олий таълим тўғрисидаги дипломлар дунёдаги 38 та давлатда тан олиниши кутилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг “Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция”ни (Париж, 2019 йил 25 ноябрь) ратификация қилгани ортидан содир бўлиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 11 ноябрь куни имзоланган қонун билан Ўзбекистон Глобал конвенцияни ратификация қилди. 

Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция UNESCO шафелигида ишлаб чиқилган глобал аҳамиятга эга бўлган биринчи шартнома ҳисобланади. Конвенциянинг 4-моддасида Конвенциянинг аъзоси бўлган иштирокчи давлат Конвенциянинг аъзоси бўлган бошқа иштирокчи давлатларда эгалланган ва ҳужжатлар орқали тасдиқланган малакаларни тан олиш мажбурияти кўрсатилган.

Тан олиш жараёни ҳар бир давлатнинг ўз миллий қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилиб, бунда иштирокчи давлатлар бошқа давлатларда эгалланган олий таълимга оид малака (диплом)ни адолатли тарзда тан олиши лозим. Давлатлар таълим тизими (стандарт) ўртасида муҳим фарқлар мавжуд бўлгандагина тан олиш рад этилиши мумкин.

Ҳозирги кунда 38 та давлат Глобал конвенцияга аъзо ҳисобланади ва 10 га яқин давлатлар Конвенцияга аъзо бўлиш жараёнини олиб бормоқда.

Глобал конвенцияга аъзо (иштирокчи) давлатлар рўйхати:

Европа минтақасида (20 та субъект) – Франция, Буюк Британия, Финландия, Норвегия, Швеция, Исландия, Венгрия, Андорра, Арманистон, Хорватия, Эстония, Литва, Молдова, Руминия, Словакия, Грузия, Босния ва Герцоговина, Муқаддас Престол, Сан-Марино, Люксембург;

Америка минтақасида (4 та субъект) – Куба, Никарагуа, Эквадор, Уругвай;

Африка минтақасида (7 та субъект) – Жанубий Африка Республикаси, Тунис, Кабо Верде, Жибути, Котдивуар, Гвинея, Сенегал;

Осиё минтақасида (5 та субъект) – Япония, Жанубий Корея, Муғулистон, Яман, Фаластин;

Австралия ва Океания минтақасида (2 та субъект) – Австралия, Янги Зеландия.

Конвенциянинг 18-моддасига асосан унга аъзо бўлиш ҳар бир давлат UNESCO котибиятига мазкур Конвенцияга аъзо бўлиш ҳақида ўз ҳужжатини тақдим этганидан кейин 3 ой ўтгач амалга оширилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги Қонуннинг тасдиқлангани ҳақидаги ёрлиқни UNESCO котибиятига тақдим этган вақтдан бошлаб 3 ой ўтгач, Конвенциянинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари орасида Глобал конвенцияга аъзо бўлган илк давлат бўлади.

Билим ва малакани баҳолаш агентлигининг қайд этишича, Глобал конвенция доирасида фақатгина унга аъзо бўлган давлатлар ўртасида олий таълимга оид малака (диплом)ларни ўзаро тан олиш механизмлари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатлар томонидан берилган таълим олганлик тўғрисидаги дипломларни тан олиш Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида”ги низом талаблари асосида амалга оширилади. Мазкур низом билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўғридан тўғри тан олинадиган хорижий давлатларда олинган ҳужжатлар тоифалари белгиланган. Жумладан, низомнинг 7-банди ўнинчи хатбошида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан тўғри (махсус синовларсиз) тан олиниши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Республикаси ҳукумати, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Тожикистон Республикаси ҳукумати, Туркманистон ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида олий таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни тасдиқловчи қарор имзолангани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Ўзбекистон Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бу хабарларни рад этиб, бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон дипломларини ўзаро тан олиш бўйича халқаро шартнома мавжуд эмаслигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон диплом UNESCO Глобал конвенция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг