Ўзбекистон делегациясининг дастлабки гуруҳи Ханчжоуга йўл олди
Спорт
−
16 Октябрь 2023
3704Жорий йилнинг 22-28 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида IV Пара Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Баҳсларда иштирок этадиган Ўзбекистон делегациясининг бир қисми Ханчжоу шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ханчжоу-2022 ёзги Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ўз тарихидаги энг катта таркиб – 11 спорт турида 108 нафар пара атлет билан иштирок этади.
Қитъа мусобақасида ўзбекистонликлар пара шахмат, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара велоспорт, пара таэквондо ва пара стол тенниси дастурларида дебют қилади.
Ханчжоудаги Пара Осиё ўйинларида пара атлетлар бир қатор спорт турлари – ўқ отиш, стол тенниси, енгил атлетика, дзюдо, таэквондо, пауэрлифтинг, велоспорт, каноэ, академия, сузиш дастурларида медаллар қатори Париж-2024 Паралимпия ўйинларига йўлланмалар учун ҳам баҳслашади. Улар мусобақа давомида Паралимпия ўйинлари лицензиялари ҳамда рейтинг очколари учун ҳам кураш олиб боради.
Таъкидлаш жоиз, аслида мусобақа режа бўйича 2022 йилнинг октябрь ойида ўтказилиши лозим эди. Бироқ Хитойда коронавирус инфекциясининг навбатдаги тўлқини авж олгач, ўйинларнинг бекор бўлиш хавфи юзага келди. Лекин 2022 йил 17 август куни Осиё Паралимпия кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишида комплекс мусобақа 2023 йилда бўлиб ўтиши расман маълум қилинди.