Ўзбекистон делегацияси Параосиё ўйинларининг очилиш маросимида қатнашди
Спорт
−
13:10 366 1 дақиқа
Кеча, 18 октябрь куни Япониянинг Нагоя шаҳридаги “Палома Мизухо” стадионида V ёзги Параосиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Мусобақани Япония императори Нарухито расман очиқ деб эълон қилди. Тантанали маросимда 45 та мамлакатдан келган қарийб 4 минг нафар спортчи ва расмий иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев ва бошқа расмийлар ҳам қатнашган.
Ўзбекистонлик параспортчилар бу гал илк бор пара қиличбозлик, бочча ва пара камондан отиш мусобақаларида ҳам иштирок этади.
V Параосиё ўйинларида 18 та спорт тури бўйича 492 та медаллар жамланмаси учун баҳслар ўтказилади. Мусобақалар жорий йилнинг 24 октябрга қадар давом этади.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси мусобақада 11 та спорт тури бўйича 149 нафар спортчи билан иштирок этмоқда. Уларнинг 77 нафари, яъни 52 фоизи аёллардир. Бу кўрсаткич Ханчжоуда 2022 йилда ўтказилган Параосиё ўйинларидаги делегацияга нисбатан қарийб 1,5 баравар кўп.
Live
Барчаси