Ўзбекистон делегацияси Пара Осиё ўйинларига йўл олди
Спорт
−
20 Октябрь 2023
4307Бугун, 20 октябрь куни Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 22-28 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган IV ёзги Пара Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Тошкент xалқаро аэропортидан Хитой томон йўл олди. Бу ҳақда спортчиларга бевосита ҳамроҳлик қилаётган QALAMPIR.UZ мухбири Шахзод Шукуров маълум қилди.
Шукуровга кўра, делегация Ханчжоу-2022 ёзги Пара Осиё ўйинларида ўз тарихидаги илк бора катта таркиб – 11 спорт тури бўйича 108 нафар пара атлет билан иштирок этади.
Ханчжоудаги Пара Осиё ўйинлари бир қатор спорт турларида Париж-2024 Паралимпия ўйинларига йўлланмалар ўйналиши билан аҳамиятли. Мусобақа давомида пара ўқ отиш, пара стол тенниси, пара енгил атлетика, пара дзюдо, пара таэквондо, пара пауэрлифтинг, пара велоспорт, пара каноэ, пара академия, пара сузиш дастурларида пара атлетлар медаллар қатори Паралимпия ўйинлари лицензиялари ҳамда рейтинг очколари учун ҳам кураш олиб боради.
Айтиб ўтиш жоиз, “қитъа Паралимпиадаси”да Ўзбекистон вакиллари пара шахмат, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара велоспорт, пара таэквондо ва пара стол тенниси дастурларида дебют қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегациясининг Пара Осиё ўйинлари тарихида энг яхши натижаси 2018 йил Жакарта-Палембанг (Индонезия)да ўтган ўйинларда қайд этилган. Унда делегация 75 та медаль (33 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза) билан медаллар жамғариш бўйича умумий рейтингнинг 6-поғонасини банд этган.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалларини қўлга киритган эди. Бу тарихдаги энг яхши натижа бўлди. Аввалги энг яхши натижа 2018 йил Жакартада қайд этилган.
LiveБарчаси