Давлат бюджетида рекорд даражада тақчиллик кузатилмоқда
Таҳлил
−
22 Июнь
54317Ўзбекистонда январь-май ойларида Давлат бюджети тақчиллиги (бюджет харажатларининг даромадлардан кўп бўлиши) 29 трлн сўмдан ортиқни ташкил этди. Июнь ойининг дастлабки 10 кунлигининг ўзида бюджетда 9,1 тлрн сўмлик дефицит кузатилди. Шундай қилиб, 2024 йил ярмига етмасдан бюджетдаги тақчиллик 38 трлн сўмдан ошди. Умуман олганда, Ўзбекистон бюджет дефицити ва давлат қарзи бўйича рекордларни янгилаб бормоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган статистикага кўра, 2024 йилнинг 1 июнидан 13 июнига қадар бюджетда даромад ва тушумлар 7 тлрн 300,2 млрд сўмни, харажатлар эса 16 трлн 521,5 млрд сўмни ташкил этган. Шундай қилиб, бюджет тақчиллиги 9 трлн 221,3 млрд сўмга тенг бўлган. Таққослаш учун, бу рақам 2020 йилнинг ярим йиллик (!) дефицит (6 трлн 721,9 млрд сўм) кўрсаткичидан 1,5 баробарга кўп.
Иқтисодчи Отабек Бакиров бундай катта харажат одатдаги даврда эмас, июнь ойида кузатилганига эътибор қаратди.
“Айтиш керакки, июнь ойининг илк декадаси бюджет мувозанати учун мураккаб ҳисобланадиган январь ва февралдан ҳам оғирроқ келган. Июнь ойи даромад ва харажатларидаги фарқ январь ва февраль ойи харажатларидан ҳам кўпроқ бўлган. Ваҳоланки, ой бошида бюджет учун энг катта харажат ҳисобланадиган бюджет ходимларининг иш ҳақи (6,9 трлн сўм) улуши 52,5 фоизгача тушган. Солиштириш учун, бу миқдор январда 63,1 фоизни ташкил этган (6,8 трлн.сўм).
Бу қандай харажатлар бўлиши мумкин? Очиқ маълумотлар бўлмагач, аниқ хулосалар бериш қийин.
Лекин энергетика бўйича тарифлар кескин оширилганидан кейин ҳам бюджет мувозанатининг барқарорлашиши кечикаётгани ўзига қўшиб иқтисодиётни ҳам тубга ботираётган энергетика тизимини турли кўринишларда молиялаштириш давом этаётганига ишоралар беради”, дейди иқтисодчи Бакиров.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йилнинг ярим йиллигидаги бюджет дефицити 40 трлн сўмга яқинлашган. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Агар тақчиллик динамикаси шундай ўсишда давом этса, 2024 йилни Ўзбекистон 80 трлн сўмлик дефицит билан якунлаши мумкин.
Бюджет тақчиллиги қаердан қопланади?
Табиий савол туғилиши мумкин – давлат харажатлари ўрни қандай тўлдирилади? Ўзбекистон бир неча йиллардан буён бюджет тақчиллигини ташқи қарз ҳисобидан қоплаб келяпти. “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга кўра, Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида қарз жалб қилиниши белгиланган.
Шунингдек, ушбу қонунда 2024 йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдоридан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Қонун бўйича 2024 йилда Давлат бюджети даромадлари 375 трлн сўм, харажатлари 427 трлн сўм, дефицит эса 52,6 триллион сўм бўлиши кутилаётган эди.
Аммо ўз одатига мувофиқ Ўзбекистон бюджет тақчиллиги чегарасидан ошиб ўтиши мумкин. Масалан, 2023 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМнинг 3 фоизи миқдорида бўлиши белгиланган эди, лекин 2023 йилда дефицит 59 трлн сўмга етиб, ЯИМнинг 5,5 фоизини ташкил этди. Шундан сўнг, “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилиб, тақчиллик чегараси ЯИМнинг 3 фоизидан 5,5 фоизига, харажатларни қоплаш учун ишлатилган ташқи қарз чегараси 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларга ўзгартирилди.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳам ортиб бормоқда
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги статистикасига кўра, 2024 йилнинг I чораги бўйича Ўзбекистон гарданидаги давлат қарзи 35 млрд 342 млн долларга етган. Шундан 29 млрд 457 млн доллар (83 фоиз) ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.
2022 йилда Давлат қарзи ҳажми 29,2 млрд долларни ташкил этарди. 1,5 йил ичида бу кўрсаткич 6,1 млрд долларга ошди.
Умуман олганда, 2024 йилнинг апрель ойидан бир қанча товарларга нисбатан ҚҚСнинг бекор қилиниши, май ойидан газ ва “свет” нархлари оширилиши давлат харажатларини камайтириши кутилаётган эди. Аммо ундай бўлмади.
Давлат бюджети харажатлари ва ташқи қарз ортиб бораётган бир пайтда вазирлик ва давлат бошқарув ташкилотлари ходимларининг бюджет ҳисобидан амалга ошираётган сарф-харажатлари, миниб юрган қимматбаҳо хизмат машиналари-ю, ўтказаётган шоу-фестиваллари жамоатчилик томонидан танқидларга сабаб бўлмоқда. QALAMPIR.UZ аввалроқ Маданият вазирлиги “Овоз” лойиҳасига бюджетдан 2 млрд сўм маблағ ажратгани, Самарқанд вилояти прокуратураси ходимлари бюджет маблағларидан 200 млн сўмга қимматбаҳо смартфонлар сотиб олгани ҳақида мақола тайёрлаган эди.
LiveБарчаси