Ўзбекистон Беларусь билан 25 миллион долларлик шартномалар имзолади
Олам
−
26 Апрель 2022
8483Беларусь ва Ўзбекистон вакиллари республика ҳукумат делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида умумий қиймати 25 миллион доллар бўлган шартномалар имзолади. Бу ҳақда Беларусь Бош вазири Роман Головченко маълум қилди.
“Делегациянинг Тошкентга ташрифи якунларига кўра, 25 миллион доллардан ортиқ маблағга тижорат шартномалари имзоланди, уларнинг аксарияти машинасозлик соҳасига тўғри келади”, дейди у ОАВ билан мулоқотда.
Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, МАЗ шассисига талаб катта эди.
"Бу ўт ўчириш-қутқарув техникаси, сув, нефть маҳсулотлари ва бошқаларни ташиш учун резервуарларни ўз ичига олади. Ўйлайманки, биз ҳамкорлик ҳажмини, хусусан, Ўзбекистонда тўлиқ йиғилган ускуналар ишлаб чиқариш учун шасси етказиб бериш бўйича кўпайтирамиз", дея қўшимча қилган Головченко.
Унинг фикрича, маҳсулотларни ўзаро етказиб беришда кераксиз воситачиликка йўл қўймаслик учун ҳар икки томон ҳам транспорт-логистика схемаларини якунлаши зарур.
"Ҳозир ўзбек карами савдомизда пайдо бўлмоқда. Лекин унинг нархи қиммат, чунки у тўғридан-тўғри эмас, балки учинчи давлатлар, яъни Россия Федерациясидаги юк ташиш базалари орқали етказиб берилади. Агар биз мол гўштини Ўзбекистон бозорига етказиб берсак, нега машиналар ўзбек карамини, қалампирини, помидорини ва ҳоказоларни ортиб қайтиб кетмаслиги керак?” дейди Головченко.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 апрель куни Головченко Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашиб, Ўзбекистондан АҚШ ва Ғарб санкциялари рўйхатига кирган товарлар ўрнини босиши мумкин бўлган маҳсулотни етказиб бериш ҳажмини оширишни сўради.
Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлди.
Беларусь томони маълумотларига кўра, 2021 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 301,9 миллион долларни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 7,8 фоизга ошган. Беларусь экспорти 245,4 миллион долларни ташкил этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь