Ўзбекистон-Америка бизнес форумида 12 та ҳужжат имзоланди
Жамият
−
18 Сентябрь 2023
494015 сентябрь куни Вашингтонда ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми да 12 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Президентнинг АҚШга ташрифи арафасида Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техникавий ҳамкорлик соҳалари бўйича 12 та ҳужжат имзоланди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси бошқаруви раиси Кэролин Лэмм, АҚШ Эксимбанки президенти Рета Жо Льюис ва давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Дас Марк Поммершайм сўзга чиқди.
Унда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва инвестиция тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, АҚШнинг АКТ, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, банк иши ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.
Форумда тоғ-кон саноати, кимё ва энергетика саноати, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электроника, ахборот технологиялари каби иқтисодиёт тармоқларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида глобал рақобат, таъминот занжири барқарорлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш, стратегик прогнозлаш, хусусийлаштириш ва молиявий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича алоҳида сессиялар ўтказилди.
“Бизнес-форум Ўзбекистон ва АҚШ вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва етакчи компаниялари раҳбарларининг “G2B” ва “B2B” форматидаги учрашувлари билан давом этди. Унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишга муваффақ бўлдилар.
Тадбир якунида энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техник ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда 12 та ҳужжат имзоланди”, дейилади хабарда.
Акобир Сайидов