Ўзбекистон ҳалокатли зилзила юз берган афғон халқига ёрдам таклиф қилди
Жамият
−
22 Июнь 2022
9593Ўзбекистон мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган кучли зилзиладан жиддий зарар кўрган Афғонистонга ёрдам бериш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.
“Афғонистоннинг Пактика ва Хост провинцияларида рўй берган зилзила оқибатида кўплаб инсонларнинг қурбон бўлгани ва жароҳатлангани, шунингдек, жиддий вайронгарчиликлар келиб чиққани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинди.
Ҳалок бўлганларнинг оилаларига чин дилдан ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз”, дейилади вазирлик баёнотида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 22 июнь куни Тошкент вақти билан 01:55 атрофида Афғонистонда зилзила содир бўлганди ва бу Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида ҳам сезилганди.
Афғонистоннинг шарқий қисмида юз берган зилзила оқибатида аввалига 255 киши ҳалок бўлгани, камида 150 киши жароҳат олгани ҳақида маълум қилинди. Кейинчалик эса қурбонлар сони 1000 нафардан ортиб кетди, жароҳатланганлар эса 610 кишига етди.
Мамлакатни бошқараётган "Толибон" ҳаракати раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода Хост ва Пактика вилоятларида юз берган зилзила муносабати билан халқаро тузилмалардан ёрдам сўради.
LiveБарчаси