Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини юборди
Жамият
−
01 Апрель 2020
7075Бугун, 1 апрель куни Узбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан Афғонистон Ислом Республикасига коронавирус COVID-19 инфекцияси тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий буюмлар ва болалар трикотаж маҳсулотлари кўринишида инсонпарварлик ёрдами юборилди.
Ўзбекистон раҳбари номидан биродар афғон халқига Ўзбекистоннинг дўстона ёрдами сифатида йўлга тушган эзгулик поезди – инсоният учун умумий офатга айланган коронавирус билан курашиш жараёнида биринчи навбатда зарур маҳсулотлар асосида шакллантирилган.
Тиббий ниқоблар, ҳимоя комбинезонлари, касалликни аниқловчи тепловизор, пирометрлар сингари тиббий воситалар, ун, ёғ, гуруч ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда биринчи даражали хўжалик товарлар, шунингдек жафокаш афғон болалари учун трикотаж маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик юки Ангрен-Тошкент-Термиз-Мозори-Шариф йўналиши бўйича етказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан, коронавирусдан энг кўп азият чеккан Хитой Халқ Республикаси ва Эронга инсонпарварлик ёрдами жўнатилган эди.
Маълумот ўрнида, Афғонистонда коронавирусга чалинганлар 196 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатда ушбу хасталикдан 4 киши вафот этди, 5 киши соғайди.