Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон битим имзолади
Жамият
−
18 Июль 6313 3 дақиқа
Кеча, 17 июль куни Қобулда Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон Трансафғон темирйўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
“Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг бугунги биринчи уч томонлама учрашуви ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги тарихий қадам бўлди”, деб ёзди Саидов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг қайд этишича, бутун Евроосиё учун стратегик аҳамиятга эга бўлган мазкур лойиҳа савдони кучайтиради, Афғонистоннинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлайди ва жанубий портлар орқали жаҳон бозорларига янги йўл очади.

“Савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик ва қурилиш соҳаларида ҳамкорликни, шуниндек, Термиз халқаро савдо марказидан фойдаланишни кенгайтириш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқладик”, дейди ТИВ раҳбари.
Битим уч давлат Ташқи ишлар вазирлари иштирокида Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Покистон темирйўл вазирлиги раҳбарлари томонидан имзоланган.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг билдиришича, “Термиз – Найбобод – Майданшаҳр – Логар – Харлачи” йўналиши бўйича техник-иқтисодий асос (ТИА)ни ишлаб чиқиш юзасидан мазкур битимнинг имзоланиши, аввало, лойиҳанинг тезроқ амалга оширилишига ҳамда давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг янада чуқурлашишига хизмат қилади.
2018 йилда илк бор таклиф этилган Трансафғон темирйўли лойиҳаси Ўзбекистондаги Термизни Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Қобул билан, ундан кейин эса Покистоннинг Пешовар шаҳарлари билан боғлашдан иборат. Қурилиши тугаллангандан сўнг темирйўл Афғонистон бўйлаб 700 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, Марказий Осиё ва Араб денгизи ўртасида тўғридан тўғри қуруқлик йўлини ташкил қилади.
Маршрут Марказий Осиёдан Покистон портларига ташиш вақтини бир неча ҳафтадан бир неча кунгача қисқартириши кутилмоқда, бу эса минтақавий савдо учун тезроқ ва тежамкорроқ альтернативани таклиф этади. Шунингдек, Афғонистон экспорти учун янги бозорларни очиш ва мамлакат учун жуда зарур бўлган транзит даромадларини олиш имконияти мавжуд.

Темирйўл лойиҳаси минтақавий ва халқаро ҳамкорлар, жумладан, Россия, Эрон ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланган. Бироқ Афғонистондаги молиявий камчиликлар ва давом этаётган сиёсий мураккабликлар тараққиётни секинлаштирган.
Ушбу қийинчиликларга қарамай, техник-иқтисодий асослашни амалга ошириш бўйича уч томонлама келишув Афғонистоннинг ҳозирги маъмурияти остида лойиҳани олдинга силжитиш учун янги куч ва сиёсий иродани акс эттиргани айтилди. Афғонистон расмийлари келишувни минтақавий иқтисодий интеграция йўлидаги муҳим қадам сифатида олқишлади.

“Ушбу лойиҳа нафақат Афғонистон учун муҳим, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо ва ҳамкорлик учун кўприкдир”, дейилади “Толибон” муваққат ҳукуматининг Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Расмийлар минтақавий инфратузилманинг яхшиланиши Афғонистонда иқтисодий барқарорликка ва узоқ муддатли тараққиётга ёрдам беришини таъкидлади.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь