Ўзбек-қозоқ беллашуви. Таиланддаги бокс мусобақасида қайси томон ғалаба қозонди?
Спорт
−
15 Июль 2023
13113Бугун, 15 июль куни Таиланднинг Пукет шаҳрида IBA Champions Night (Чемпионлар оқшоми) турнири бўлиб ўтди. Унда 7 та вазндаги жами 14 нафар боксчи ўзаро беллашди. Эътиборли жиҳати, мусобақада мазкур спорт бўйича Марказий Осиё минтақасидаги азалий рақиблар — Ўзбекистон ва Қозоғистон боксчилари тўқнашуви ҳам ташкил этилди.
-63 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон вакили Мужибилло Турсунов қозоғистонлик рақиби Муҳаммадсобир Базарбай Уулуни 5 раунд тўлиқ давом этган жангда ҳакамларнинг якдил қарори асосида мағлубиятга учратган бўлса, -71 килограмм вазндаги ўзбекистонлик Асадхўжа Мўйдинхўжаев қозоқ рақиби Дулат Бекбауов устидан ғалабага эришди.
Бу орқали ўзбек спортчилари яна бир бор Қозоғистон бокс мактаби тарбияланувчиларидан устун келди. Шунингдек, улар IBA томонидан махсус чемпионлик камари ва 10 минг долларлик пул мукофоти билан тақдирланди. Мағлуб спортчиларга эса 5 минг долларлик сертификат тақдим этилди.
Маълумот учун, ушбу турнирда Ўзбекистон бокс терма жамоасидан 3 нафар спортчи иштирок этди ва уларнинг барчаси рақибларидан устун келди. Жумладан, ҳаваскор боксда Олимпиада ва Жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳам мусобақа доирасида испаниялик Мартин Молина Сальвадорга қарши жанг қилиб, очколар эвазига ғалаба қозонди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь