Ўзбек футболи тарихидаги энг оғир ва қизиқ 90 дақиқа
Спорт
−
23 июн 3603 7 дақиқа
Ўзбекистонликлар Роналдуга қарши майдонга чиқади. Зўр-а? Бир неча йил олдин шундай бўлади деса, жуда кўпчилик ишонмаслиги аниқ эди. Бугун соат 22:00 да ўзбек футболи тарихидаги энг оғир ва энг қизиқарли 90 дақиқа бошланади. Португалия матбуоти ўз терма жамосини қаттиқ танқид қиляпти, дунё медиаси эса Каннаваро тактикаси олдида Роналду қийналиб қолиши мумкинлигини айтяпти. Ўзбекистон гуруҳдан чиқа оладими? Барчасини дақиқалар давомида таҳлил қиламиз.
1-тур Португалия ва дунё футбол мухлислари учун кутилмаган натижа билан якунланганини биласиз. Турнир фаворитларидан бири Португалия Конго ДР билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Колумбия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўйин 3:1 ҳисобида тугаганини шунчаки факт сифатида эслатаман. Агар Колумбия Конгони ҳам мағлуб этса, очколарини 6 тага етказиб, плей-офф масаласини деярли ҳал қилади. Бу эса Ўзбекистоннинг сўнгги турда Конго ДРга қарши ўйинининг аҳамиятини янада оширади.
Энди бугунги ўйинга қайтамиз. Бу ўйин икки терма жамоа учун ҳам ҳақиқий жангдир. Нега? Роналду бошчилигидаги португалларни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди. Улар бор кучини Ўзбекистонга қарши ташлаши аниқ. Чунки, терма жамоа шусиз ҳам босим остида. Конго ДР билан дурангдан кейин Португалия терма жамоаси атрофида катта ижтимоий ва ички можаро келиб чиққани ҳақида шов-шувлар кўпайди. Ички муҳит бузилгани ҳақида катта нашрлар ҳам ёзди.
Мундиал олдидан энг кучли марказга эга жамоа сифатида кўрсатилган Луиш Фигу издошлари биринчи турдан кейин жуда қўрқинчли кўринмаяпти. Тўғри, якка ҳолда исмлар саналса, ҳар қандай жамоани титратиши мумкин бўлганлар йиғилган. Чемпионлар лигасини кетма-кет иккинчи марта ютган, Европанинг рамзий терма жамоасига қўшилган Витинья ва Невеш, бунга бонус сифатида АПЛда мавсумнинг энг яхши ўйинчиси бўлган Бруну Фернандеш… Шунчаки даҳшат! Аммо Конгога қарши ўйинда ҳамма “ўзи билган куйини чалди”. Витинья ҳимоя чизиғига тушиб олиб, ПСЖдаги ўйинни қуришга интилган бўлса, Бруну бир тегинишда ўйнашга ҳаракат қилиб, нотўғри пасларни кўп бериб юборди.. Невешни-ку айтмаса ҳам бўлади. Криштиану Роналдуни ҳам ўзлари каби оддий ўйинчи эканини айтиб, интервью берганидан кейин танқидлар остида қолди. Кўплаб мухлис ва мутахассислар мана шу уччала шахсни ўйин давомида Роналдуга пас беришни хоҳламаганликда, уни ҳаммага ортиқчадек кўрсатишга уринганликда айблаяпти. Бу ерда ҳақиқий футбол таҳлилидан кўра, Роналдуга бўлган симпатия асосий роль ўйнаётгани ҳам бор гап. У аввалгидек тезкор ёки ҳар бир тўпга югурувчи эмаслиги рад қилиб бўлмас ҳақиқат. Буларни нима учун айтяпман? Ўзбекистон билан ўйиндан олдин Португалиядаги ички муҳитнинг яхши эмаслиги Ўзбекистонга фойда бериши мумкин.
Босимсиз Ўзбекистон
Фабио Каннаваро шогирдлари тарихий дебют ўйинида Колумбияга ютқазган бўлса-да, муносиб ўйин кўрсатишди. Жуда кўпчилик бундай натижани, бундай темпдаги ўйинни терма жамоадан кутмаганини айтиб ўтди. Ҳақиқатан ҳам ЖЧдан олдинги иккита ўртоқлик ўйинидан сўнг ҳаммада хавотир кучайган эди. Канададан учралган 2:0 ҳисобидаги мағлубият ва Нидерландияга қарши баҳсдаги 2:1 натижаси мухлисларда “музқаймоқ егани боришар экан-да” деган салбий муносабатни оширган эди. Аммо ЖЧнинг биринчи ўйиндаги илк гол, 2:1 дан кейин дуранг учун қилинган босим шу қадар умид бердики, ҳатто 1 очкога эга чиқамиз деган ишонч ҳам пайдо бўлган эди. Бироқ сўнгги дақиқалар оёқдан чалди.
Аммо бугун ҳаммаси Ўзбекистон фойдасига ўйнаши мумкин. Энг аввалидан, Каннаваро айтганидек, аниқ натижа талаби йўқ. Мақсад – тажриба. 38 миллионлик томошабинлар қўллаб-қувватловини улар ҳам сезиб турибди. Роналдудек юлдузи бор ва 1-турда яхши натижага эриша олмаган, ички муҳити бузилганлиги айтилаётган жамоага қарши ўйинда босим камроқ бўлиши аниқ. Терма жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам ўйин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида айнан шу мазмунда гапирди.
“Бизда босим йўқ. Шу сабабли ўйинда Португалияга нисбатан биз учун осонроқ кечиши мумкин, деб ўйлайман. Жамоамизда яхши муҳит шаклланган. Биринчи учрашувдан кейин ўзимизга бўлган ишонч ҳам ортди. Биз Жаҳон чемпионатидаги дебютимизни амалга оширдик ва энди яхши натижа учун майдонга чиқамиз. Биз Португалиянинг биринчи турдаги ўйинининг натижасига алоҳида эътибор қаратмадик.
Ҳозир бу ҳақда ўйлаш вақти эмас. Балки учинчи турдан кейин буни муҳокама қилармиз, аммо ҳозир барча эътиборимиз бугунги баҳсга қаратилган. Колумбияга қарши биринчи бўлимда мураббий кўрсатмаларини тўлиқ бажара олмаганимиз айрим хатоларга сабаб бўлди. Эндиликда бундай камчиликларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Ўз ўйинимизни намойиш этиб, тўпни кўпроқ назорат қилиш ва голли вазиятлар яратишга интиламиз”, деди Элдор Шомуродов.
Жуда хотиржам бўлиш ҳам керак эмас. Мухлис сифатида терма жамоадан позитив даражада максимал натижани кутаётганлар ҳам бор. Аммо бир нарсани унутмаслик керак: шернинг ўлиги ҳам шер! Бугунги рақиб ҳазилакам эмас. Улар билан дуранг ҳам идеал натижа дейиш мумкин. Португалия билан ўйиндаги ҳар қандай очко Ўзбекистон учун сенсация ва улкан муваффақият бўлади. Агар Ўзбекистон мағлуб бўлса ҳам, йирик ҳисобда (3:0, 4:0) ютқазмаслик ўта муҳим. Чунки гуруҳда 3-ўринни олган тақдирда ҳам, плей-офф йўлланмаси тўплар нисбатига қараб аниқланади.
Ўзбекистон учун идеал сценарий қанақа? Португалия билан дуранг ўйнаш ва 3-турда Конгони ютиш. Бунинг учун К гуруҳидаги иккинчи ўйинда Колумбия Конгони йирикроқ ҳисобда мағлуб этиши керак. Шунда уларда 6 очко ва муддатидан олдин плей-оффга чиқиш имкони бўлади. Ўзбекистон Португалия билан дуранг эвазига ўзининг тарихий 1 очкосига эга чиқади ва тўплар нисбати эвазига 3-ўринга чиқиб олади. Бироқ шунда ҳам ҳаммаси ҳал бўлди дегани эмас. Сўнгги турда ўзаро баҳсда Конгони ютиши шарт бўлади. Чунки, Африка мамлакатида ҳам барибир имконият сақланиб қолади. Португалияда 2 очко, Ўзбекистонда ва ўзларида 1 очко борлигини ҳисобга олган ҳолда фақат ғалаба учун ўйнайди. Ва ҳатто ҳақиқатда ҳам ғалаба эвазига гуруҳда 2-ўринни олиши мумкин. Португалия эса муддатидан олдин плей-оффга чиққан ва 3-турнинг натижаси қизиқ бўлмаган, асосий ўйинчиларига дам берилган мотивациясиз Колумбия билан ўйнайди.
Хуллас, ҳаммаси математик ҳисоб-китобга айланмаслиги ва ўз ўйинига боғлиқ бўлиши учун Ўзбекистон бугун дуранг ўйнаш керак ёки мағлубият бўлса ҳам минимал ҳисоб қайд этилишини таъминлаш шарт. “Нега ғалаба ҳақида гапирмаяпсан?” деб маломат қилишга шошилманг. Бундай натижа бўлса-ку, жуда зўр! Аммо ҳиссий ва мухлислик фикридан кўра, аналитик ҳамда совуқ мияга суяниш кутилмаларни анча реалроқ қилади.
Терма жамоа мураббийи Фабио Каннаваро эса ўз режаси ва стратегияси борлигини айтди.
“Рақибимиз Жаҳон чемпионатидаги энг кучли жамоалардан бири. Уларнинг қанотларда жуда кучли футболчилари бор, ярим ҳимоя чизиғи дунёнинг энг яхшиларидан бири саналади. Португалия тўп назорати орқали ўйинни бошқаришни яхши кўради. Улар учрашувни фаол бошлаб, имкони борича тезроқ устунликка эришишга интилади. Биз ҳам бунга тайёргарлик кўрдик. Ўз режамиз ва стратегиямиз бор. Майдонда айнан ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Кучли рақибга қарши ўйнаётганимизни биламиз, аммо бундан қўрқмаймиз”, деди Фабио Каннаваро.
Дунё медиаси Ўзбекистон ҳақида нима демоқда?
Жаҳон медиаси Ўзбекистонни “таваккал қилишдан қўрқмайдиган ва жасоратли дебютант” сифатида таърифламоқда. Колумбияга қарши ўйиндаги ҳужумкор ҳаракатлар ва жарима майдончаси ичидаги дадиллик эътироф этилди. Чет эл таҳлилчилари Ўзбекистоннинг хавфли ўйин услуби очиқ футболга олиб келиши ва бу учрашувда ҳам “Оқ бўрилар” гол уриши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Португалия матбуоти эса ўз жамоаларининг ўйинини қаттиқ танқид остига олган ҳолда, Ўзбекистонни менсимаслик катта хато бўлишини ёзмоқда. Айниқса, Каннаваронинг тактик билими ва ўзбек футболчиларининг интизомли ҳимояси Португалиянинг “қария етакчиси” Криштиану Роналдуга қарши қийинчилик туғдириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришлар бор. Португалиялик журналистлар Бруну Фернандешни Роналдудан кўра кўпроқ зарба беришга ва жамоани етаклашга чақиришмоқда.
Бугун оқшом соат 22:00 да бизни муросасиз ва тарихий тўқнашув кутмоқда. Ўзбекистон терма жамоасига омад тилаймиз.
Live
Барчаси