Ўзбек боксчиларининг муваффаққиятсиз иштирокига нима сабаб бўлди? Сўз Абдуллаевга
Спорт
−
24 Январь 2022
78272021 йилда ўзбек боксчиларининг Олимпиада жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштироки AIBA’нинг янгиланган тизими ва ҳакамларнинг тушунарсиз қарорлари оқибатида содир бўлган. Бу ҳақда Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаев айтиб ўтди.
“AIBA’да ишлаб чиқилган янги қоидалар боксчиларнинг иштирокига салбий таъсир қилди. Буни ҳеч ким тушуна олмади. Икки раунд бизнинг боксчилар ютса, учинчисида ҳисоб-китоб қилиб, рақибга ғалаба бериб юборилди. Ҳасанбой Дўсматов ёки Шаҳобиддин Зоиров ташкилотнинг янги тизими “қурбони” бўлишди. Насиб бўлса, Париж Олимпиадасида боксчиларимиз муносиб иштирок этишади”, дейди Абдуллаев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг 30 йиллигига бағишланган матбуот анжуманидан сўнг.
Бундан ташқари, Муҳаммадқодир Абдуллаев Андижондаги бокс мактаби ва у ерда шуғулланаётган ёш чарм қўлқоп усталари ҳақида гапирди:
“Президентимиз ҳар бир чемпион ўзининг мактабини очсин, деб таъкидлаганидан сўнг, Андижон вилоят ҳокимлиги ҳам бизга бўш ётган бинолардан бирини берди. У ерда бокс мактабини очдик. Ҳозирда спорт мактабимизда 400 га яқин ёшлар бокснинг сир-асрорларини ўрганиб келишмоқда. Шогирдларимиз орасида Халқаро мусобақалар чемпионлари чиқмаслиги мумкин, бироқ улар Ватанимизга садоқатли инсонлар бўлиб етишса, бу мен учун катта ютуқ бўлади. Биринчи навбатда Олимпияда чемпиони бўлиш учун вақт керак, у машаққатли меҳнат талаб этади. Келажакда, албатта, Муҳаммадқодир Абдуллаев мактабидан Олимпияда чемпионлари чиқишига ваъда бераман”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бокс терма жамоаси Токио Олимпиадасида 8 нафар боксчи билан иштирок этиб, якунда битта олтин медаль билан ортга қайтган эди. Жаҳон чемпионатида эса Марат қурбонов бош мураббийлигидаги 13 нафар чарм қўлқоп усталари якунда атиги битта кумуш ва бронза медални қўлга киритган эди.
LiveБарчаси