Ўзбек боксчиларининг Франция сафари ниҳоялади
Спорт
−
16 Март 2023
6542Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Франциядаги машғулотларни якунланди. Бу ҳақда Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов QALAMPIR.UZ сайтига маълум қилди.
Тўлқин Қиличев мураббийлигидаги жамоа 12 кун давомида Париж шаҳрида ўқув йиғин машғулотларини ўтказди. Ўзбекистон жамоаси билан бир вақтда АҚШ, Куба, Бельгия, Польша, Люксембург ва яна бошқа кўпгина мамлакат жамоалари Франция пойтахтида машғулот ўтказди. Бугун, 16 март куни чарм қўлқоп усталарининг якуний спарринг жанглари бўлиб ўтди.
“Машғулотларни яхши кайфиятда якунладик. Бошқа давлатлардан келган жаҳон чемпионлари билан тажриба алмашдик. Буёғига Тошкент мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатига якуний тайёргарликни бошлаймиз. Кўтаринки руҳда машғулот ўтказиб, ўз юртимизда ўтадиган мундиалда олтин медални қўлга киритишни мақсад қилганмиз", дейди Баҳодир Жалолов.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент мундиали 1-14 май кунлари бўлиб ўтади. Аввалроқ, Баҳодир Жалолов ушбу чемпионатга кўпгина давлатларнинг бойкот эълон қилишига ўз муносабатини билдирганди.