“Ўзавтосаноат” Spark, Nexia, Cobalt ва Gentra ишлаб чиқаришни тўхтатади

Технология

image

Ўзбекистонда Spark, Nexia, Cobalt ва Gentra автомобилларини ишлаб чиқариш аста-секин тўхтатилиши кутилмоқда. Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилиб, 2022-2023 йилларга тўғри келади. Бу ҳақда бугун, 6 январь куни АОКАдан ўтган матбуот анжуманида “Ўзавтосаноат” АЖ стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров маълум қилди. 

Анжуманда қайд этилишича, 2019 йилда UzAuto Motors ишлаб чиқариш ҳажмини 220 минг донадан 271 минг дона автомобилга етказиб (бу 2018 йилдагидан 23,2%га кўп), ишлаб чиқарилган автомобиллар сони бўйича рекордни янгилаган. 2020 йилда енгил автомобилларни йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 350 минг донагача кенгайтириш кўзда тутилмоқда. 

“Хорижий компаниялар билан келишувлар натижасида “Ўзавтосаноат” АЖ корхоналари базасида пластмасса ва шовқиндан ҳимоялаш деталлари, кабеллар, интерьер деталлари, технологик жиҳозлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизгача етказиш имконини беради”, дейди Қодиров. 

Мутасаддилар 2019 йил якунида UzAuto Motors компанияси SUV (Sport Utility Vehicle — “спорт-утилитар автомобил”) тоифасидаги тўртта янги автомобиль модели, яъни Chevrolet Trailblazer, Chevrolet Traverse, Chevrolet Tahoe ва Chevrolet Equinox’ни тақдим этганини билдирди. 2020 йилда ягона глобал платформада янги автомобиль моделларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа ишга тушиши кутилаётгани маълум қилинди. “Ўзавтосаноат” АЖ вакилларининг сўзларига кўра, айнан мана шу платформаларда SUV тоифасидаги автомобиллар ва седанлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

2022-2023 йилларга қадар Spark, Nexia, Cobalt ва Gentra автомобилларини ишлаб чиқариш аста-секин тўхтатилади. Улар ўрнига 10-15 минг АҚШ доллари атрофидаги янги моделлар, жумладан, Chevrolet Onix ишлаб чиқарилиши бошланади. Таъкидланишича, бу янги моделларнинг айримлари электромобил бўлади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзавтосаноат

Баҳолаганлар

1428

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг