“UzAutoMotors” йил бошидан бери давлатга 582,6 млрд сўмни тўламагани маълум бўлди
Жамият
−
18 Ноябрь 2020
14287“UzAutoMotors” АЖ 2020 йилнинг сентябрь-январь ойларида давлатга 600 млрд сўмга яқин йиғимни тўламаган. Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосасида айтиб ўтилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 460-моддасида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари сотиб олинганда, йиғим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4397-сон қарорининг 3-бандига асосан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим (автомобиль нархининг 3 фоизи миқдорида) автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши қайд этилган.
Бироқ, “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида йиғим тўланмасдан келинмоқда.
Маълумот учун, “UzAutoMotors” АЖ томонидан 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 582,6 млрд сўм йиғим тўланмаган.
Ҳисоб палатаси юқоридагиларни инобатга олиб, “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларни йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ дея хулоса берган.
LiveБарчаси