Ўз биносида намозхона ташкил этган МЧЖ раҳбари 21 600 000 жаримага тортилди. Олий суд ҳолатга расмий изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 14 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган Фарход Рахмонов устидан туман суди раиси А.Жалилов раислигида кўрилган суд мажлиси қарори катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 

Суд қарорида қайд этилишича, “GTA Showroom” МЧЖ раҳбари Ф.О.Рахмонов (22.04.1987 йилда Навоий вилоятида туғилган, миллат ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти олий, “GTA Showroom” МЧЖ раҳбари, оилали, уч нафар фарзанди бор, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 7-мавзе, 3-уй, 2-хонадонда яшовчи) 12 январь куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани, Қушбеги мавзеси, КҲАЙ кўчаси “GTA Showroom” МЧЖ биноси ҳудудидаги жойлашган хоналарда ўз ишчи ходимларига ҳамда МЧЖга келган мижозларга намоз амалларини адо этиш учун шароитлар яратиб берганлиги аниқланган. 

Суд мажлисида Ф.О.Рахмонов ўзига тегишли “GTA Showroom” МЧЖ ҳудудида намоз амалларини бажариш учун шароитлар яратиб берганлигини, уни ёмон нияти бўлмаганлигини, у шунчаки ўз ишчиларига ўз намозларини ўқиши учун шароит яратганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, унга нисбатан енгиллик беришини сўраб кўрсатув берган. 

Суд қарорига кўра, Ф.О.Рахмонов ўзининг ушбу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 (саксон) баравари миқдорида, яъни 21.600.000 сўм жарима жазоси тайинланган. 

Жамоатчилик орасида кўплаб танқидларни ва саволларни келтириб чиқараётган ушбу ҳолат бўйича Олий суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Обидов Telegram’даги расмий канали орқали ахборот берди. Унда шундай дейилади:

"Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2022 йил 14 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 2-қисми (диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган Ф. Раҳмонов (1987 йилда Навоий вилоятида туғилган, “GTA Showroom” МЧЖ раҳбари) га базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ижтимоий тармоқларда муҳокама ва тортишувларга сабаб бўлаётган мазкур суд қарорининг қонунийлигига юқори инстанция суди томонидан ҳуқуқий баҳо берилишини эслатиб ўтамиз.

Маълумот учун:

"Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли.

Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарорни чиқарган судга берилади."

(Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 324-1 ва 324-3-моддалари)"


Мақола муаллифи

Теглар

Олий суд намозхона

Баҳолаганлар

1261

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг