Ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаб гапирадиган вақтда ишлаяпмиз – Қодиров

Жамият

image

Совет давлатида яшаган барча миллатларнинг зиёлиларига нисбатан қилинган ваҳший ноҳақликларни англаш ва тўғри талқин қилиш учун катта тарихчи бўлиш шарт эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодировнинг Россия Давлат думаси депутати Константин Затулин ёзган жавобида айтилади. 

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 31 август куни Шаҳидлар хотираси майдони ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида “Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун?”, дея айтган гаплари Москвада кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарди. 

Жумладан, Давлат Думасининг МДҲ,  Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин эътирозли муносабат билдирди.

“Совет Иттифоқида ўзбек миллатини ҳеч ким йўқ қилгани йўқ. Ҳозир Совет Иттифоқида украинларни атайлаб оч қолдирган, Болтиқбўйи халқларини қириб ташлаган ва ҳоказоларни айтадиган бутун бир пантеон мавжуд. Совет Иттифоқи барча камчиликларига қарамай халқаро ҳамжамият эди ва Ўзбекистон харитада Совет Иттифоқи таркибида дастлаб пайдо бўлган, кейин эса мустақилликка эришган, тилини сақлаб қолган, ўзини халқ сифатида сақлаб қолган”, деди Затулин.

Дума депутатига Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбсари, президентликка собиқ номзод Алишер Қодиров жавоб қилди. 

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча қилган маърузаси Россия Давлат думаси депутати Константин Затулинни асоссиз талқинига суяниб хато хулосаларга сабаб бўлибди. 

Давлат раҳбари тарихий фактларга асосланиб, яқин ўтмишнинг қора кунларини эслатиб ўтди. Ўша қора кунларда халқимизнинг энг илғор фикрловчи қатламларнинг яксон қилинганини эсламаслик, келажакда бу каби хатоларни такрорланишига олиб келиши мумкин. 

Президент нафақат ўзбек, балки ўша даврда совет давлатида яшаган барча миллатларнинг зиёлиларига нисбатан қилинган ваҳший ноҳақликлар ҳақида гапирди. Буни англаш ва тўғри талқин қилиш учун катта тарихчи бўлиш шарт эмас, менимча.  

Ҳамкасбларимга шундай ҳам мураккаб бўлган муҳитни яна мураккаблаштирадиган, минтақадаги тинчлик ва осойишталикка путур йетказадиган талқинлардан тийилишни тавсия қиламан. Зеро бундан ҳеч ким ютмайди! Ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаб гапирадиган вақтда ишлаяпмиз”, дейди Қодиров. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Затулинга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам жавоб қилиб, Мирзиёевнинг СССР зулми ҳақидаги гапларини ёқлаб чиққанди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров

Баҳолаганлар

176

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг