Уйидан ажраганларга 2,5 ой ичида янги уйлар қуриб берамиз – Президент
Жамият
−
05 Сентябрь 2022
9966Фавқулодда ҳолат жорий қилинган Қўстанай вилоятига етиб борган Президент Қосим-Жомарт Тўқаев тезкор штаб йиғилишидан сўнг, Аманкарағай қишлоғининг ўрмон ёнғинидан зарар кўрган ҳудудларини кўздан кечирди.
Сўнг Президент Аулиекол қишлоғидаги мактаб жойлаштирилган фуқаролар билан учрашди, инсонпарварлик ёрдами тарқатиш пункти фаолияти билан танишди.
Жабрланганлар билан суҳбатда Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукумат оғир вазиятдан чиқиш учун барча чораларни кўришини айтди.
“Афсуски, катта ёнғин содир бўлди. Бироқ, ёрдам кўрсатилади. Биламан, сиз уйларингиздан айрилгансиз. Ҳукумат икки-икки ярим ой ичида сизлар учун янги уйлар қуриб беради ва улар олдингисидан анча яхши бўлади”, дейди Президент.
У ёнғинларни ўчиришда иштирок этаётган кўнгиллилар билан ҳам суҳбат ўтказиб, уларга кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 5 сентябрь куни ўрмон ёнғинлари ичида қолган Қўстанай вилоятига етиб келди. Давлат раҳбари тезкор штабга бориб, Аулиекол туманида ёнғинларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишган.
Қозоғистондаги ёнғин
Қозоғистоннинг Қўстанай вилояти 2 сентябрдан буён аланган қуршовида. Аулиекол туманида чиққан ўрмон ёнғинларининг географияси кун ўтган сайин кенгаймоқда. Мамлакат фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 5 сентябрь ҳолатига кўра, ёнғинлар майдони 43 минг гектаргача кенгайган, ўрмон хўжалигининг умумий майдони эса 107,3 минг гектарни ташкил этган.
Ёнғин оқибатида бир қанча қишлоқларда 108 та бино вайрон бўлган ва зарар кўрган. 1841 киши эвакуация қилинган. Жароҳатланганлар, куйган ва заҳарланганлар 10 кишига етди. 1935 йилда туғилган эркак вафот этган. Минтақада маҳаллий миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 5 та ҳудудда (Аманкарагай, Лесное, Озерное, Баганали ва Калинино қишлоғи яқинида) ўрмон зонасида ёнғин ўчириш ишлари олиб борилмоқда.
Эвакуация қилинганлар маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан Аулиекол ўрта мактаби ва Аулиекол мактаб-интернатига жойлаштириш, озиқ-овқат билан таъминлаш ташкил этилди, 66 нафар фуқаро эвакуация пунктларида қолмоқда. Қолганлар ўз уйларига қайтган ёки қариндошлариникига жойлашган.