Фавқулодда вазият. Тўқаев ёнғин тинмаётган вилоятга борди
Олам
−
05 Сентябрь 2022
11216Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 5 сентябрь куни ўрмон ёнғинлари ичида қолган Қўстанай вилояти вилоятига етиб келди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар қилди.
Давлат раҳбари тезкор штабга бориб, Аулиекол туманида ёнғинларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишаган.
Давлат раҳбари Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильин ва Қўстанай вилояти ҳокими Архимед Мухамбетовнинг ёнғинларни бартараф этиш, аҳоли пунктларидан фуқароларни эвакуация қилиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тинглаган.
Тўқаевга кўра, минтақадаги вазият назорат остида, табиий офатни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилган.
У масъулларни содир бўлган воқеадан тегишли сабоқ олишга чақирган ва тезкор штабга ёнғинларни тезда тўлиқ бартараф этиш бўйича барча бўлимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган қатор кўрсатмалар берган.
Шу билан бирга, Президент уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган аҳолини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаган. Ҳукумат ва Қўстанай вилояти ҳокимлигига жабрланган фуқароларга тўловлар ва компенсацияларни зудлик билан тўлашни таъминлаш топширилган.
“Барча жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Улар хавфсиз жойга кўчирилди. Ҳукумат менинг топшириғимга кўра, тегишли масалаларни ҳал этиш билан шуғулланмоқда. Бу ёрдам кўрсатилишига шубҳа бўлмаслиги керак!”, дейди давлат раҳбари.
Қозоғистондаги ёнғин
Қозоғистоннинг Қўстанай вилояти 2 сентябрдан буён аланган қуршовида. Аулиекол туманида чиққан ўрмон ёнғинларининг географияси кун ўтган сайин кенгаймоқда. Мамлакат фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 5 сентябрь ҳолатига кўра, ёнғинлар майдони 43 минг гектаргача кенгайган, ўрмон хўжалигининг умумий майдони эса 107,3 минг гектарни ташкил этган.
Ёнғин оқибатида бир қанча қишлоқларда 108 та бино вайрон бўлган ва зарар кўрган. 1841 киши эвакуация қилинган. Жароҳатланганлар, куйган ва заҳарланганлар 10 кишига етди. 1935 йилда туғилган эркак вафот этган. Минтақада маҳаллий миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 5 та ҳудудда (Аманкарагай, Лесное, Озерное, Баганали ва Калинино қишлоғи яқинида) ўрмон зонасида ёнғин ўчириш ишлари олиб борилмоқда.
Эвакуация қилинганлар маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан Аулиекол ўрта мактаби ва Аулиекол мактаб-интернатига жойлаштириш, озиқ-овқат билан таъминлаш ташкил этилди, 66 нафар фуқаро эвакуация пунктларида қолмоқда. Қолганлар ўз уйларига қайтган ёки қариндошлариникига жойлашган.
LiveБарчаси