Ўйчи ўйини ўйлагунча... Энди Қозоғистонда ҳокимлар сайланади
Олам
−
26 Май 2021
10556Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Қозоғистон Республикаси сайловлари тўғрисида”ги Конституциявий қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонунни имзолади.
Қонун билан мамлакатда туман бўйсунувидаги барча шаҳар, қишлоқ, посёлка ва қишлоқ округлари маъмурияти раҳбарларини (аким) тўғридан-тўғри аҳоли томонидан сайланиши жорий қилинмоқда. Шунингдек, сиёсий партияларнинг Мажлис (парламент)га сайланиш учун ўтиш чегараси камайтирилган.
Қонунга кўра, туман бўйсунувидаги барча шаҳар, қишлоқ, посёлка ва қишлоқ округлари маъмурияти раҳбари бўлиш учун номзодлар бирор партиядан ёки мустақил равишда илгари сурилиши мумкин. Бунинг учун номзод тегишли ҳудуд аҳолисининг 1 фоизи имзосини йиғса кифоя.
25 ёшга тўлган ишга лаёқатли, судланмаган Қозоғистон фуқароси сайловларда номзодини кўрсатиши мумкин.
Янги қонунга кўра, Қозоғистонда 2021 йилнинг иккинчи ярмидаёқ 836 та маъмурий бирликда акимларнинг тўғридан-тўғри сайлови ўтказилади.
Шу билан бирга, парламент сайлови натижасига кўра парламентдан жой оладиган партиялар учун овоз йиғиш чегараси 7 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди.
Бундан ташқари, барча даражадаги сайлов бюллетенларида “Барчага қарши” банди ҳам киритилади.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда ҳам ҳокимларни халқ томонидан сайлаш тартибини жорий қилиш кераклиги масаласи бир неча марта кўтарилди. Аммо ҳозирча бунга эришилгани йўқ. Ҳокимларни сайлаш муҳимлиги ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзим ҳам бир неча марта айтиб ўтган. Давлат раҳбари жорий йилнинг март ойида Тошкент вилоятига ташрифи чоғида ҳокимларни сайлаш тизимини жорий қилиш ҳақида гапириб, жамият ҳали бунга тайёр эмаслигини таъкидлаганди.
LiveБарчаси