Ўтиниб кечирим сўрайман! – Ғаниев (видео)
Жамият
−
30 Сентябрь 2019
13601Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламент ва одоб комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокими – сенатор Шуҳрат Ғаниев ўтказган йиғилишдаги нутқ муҳокама қилинди.
Йиғилишни Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Йиғилишда сенаторлар ва комиссия аъзолари Шуҳрат Ғаниевга чора кўриш кераклигини талаб қилди. Комиссия мажлиси Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам иштирок этди. У ҳам сўзга чиқиб, айбини тан олишини айтди.
“Интернетдаги ижтимоий тармоқларда тўғри муҳокама бўлмоқда. Очиғини айтиш керак, мен ҳар қандай жазога лойиқман. Чунки айбини ўз вақтида тан олиш – келажакда тўғри хулоса чиқаришга йўл белгилаб беради. Албатта, ота-она ҳам, авлодларим ҳам миллий либосда кийинади. Мен ҳам ўз уйимда миллий либосда кийинаман. Одамнинг қуюшқондан чиқиб кетиши ёки ўзини боса олмаслиги, албатта, ўзимнинг айбим. Мен айбдорман, имконият берсанглар, фақатгина меҳнат қиламан. Тўғри, меҳнат қилишда ҳам ҳамма нарсанинг хулосаси бор”.
Ғаниев сўзида давом этаркан, бўлиб ўтган воқеалардан хулоса қилганини айтади ва яна бир бор кечиришларини сўрайди.
“Аввало мен менга юксак ишонч билдирган Муҳтарам Президентимиздан ўтиниб-ўтиниб кечирим сўрайман. Ҳурматли сенаторлар, сизлардан кечирим сўрайман. Имконият берсанглар, хулоса қиламан. Айбдорман ва айбимни тан оламан”.
Хўш, ҳокимларга бошқаларни ҳақорат қилиш, қонунга қарши бориб хатти-ҳаракат қилиш ваколати берилганми? Йўқ, албатта, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ҳокимларнинг хатти-ҳаракатлари ва муомала маданиятини бир неча бор танқид қилган эди. Ғаниев қилган ишлари ваколатига зид эканини қуйидагича тан олади:
“Албатта, ҳеч кимга бундай ваколатлар бериб қўйилмаган. Раҳбар ҳар қандай жойда ўзига билдирилган юксак ишончдан хулоса қилиб, ўзини билиши керак. Ҳар қандай жазога лойиқман. Минг бор узр!”
Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Ғаниев ўзи ўтказган йиғилишда “Ҳурматли ҳокимлар, эшитиб олинглар. Бирортанг мажлис қилсанг, мен борсам, ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам, маҳалла раисими у, ўқитувчими у, жамоатчими у, депутатми у, ўша рўмолини олиб оғзингга тиқиб қўяман”, деб бақирган. Айни вақтда ҳокимнинг ушбу гаплари кенг жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида Шуҳрат Ғаниев қатъий огоҳлантирилди ва унга 3 ой муҳлат берилди.