“Ўтиб кетса, кечирилмайди”. Ортиқхўжаев йўллардаги “яма”ларни йўқотиш учун муҳлат берди

Жамият

image

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт йўлларидаги чуқурларни тўлиқ таъмирлаш учун 10 кун муҳлат берди. Бу ҳақда у бугун, 13 апрель куни йиғилишда айтиб ўтган.

“Қишимиз унчалик оғир ўтмади, лекин Тошкент шаҳри охирги 50-60 йилда бундай ёғингарчиликни кўрмаганди. Ёғингарчиликдан кейин шаҳарда асфальтлар ўзининг яққол қиёфасини кўрсатди, катта чуқурлар пайдо бўлди. Бу фуқароларнинг кескин эътирозларига сабаб бўляпти”,

Ортиқхўжаев ҳокимлик ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси раҳбари Анвар Умаровга 10 кун ичида кўчалардаги чуқурларни бартараф этишга кўрсатма берди.

“Анвар ака, сиз 10 кун ичида туманлар ҳокимлари билан биргаликда бошқармалар билан бирлашган ҳолда Тошкент шаҳрида мавжуд бўлган хусусий корхоналар ва бошқармангизга тегишли бўлган барча техникаларни жалб қилишингиз керак. 10 кун муҳлат. 10 кун ичида сиз катта кўчаларни, асосий кўчаларни тўлиқ таъмирлашингиз керак. Мен тушунаман, оғир. Бизда катта шаҳар бор, лекин сиз масъулиятни ўз зиммангизга олишингиз керак. Агар керак бўлса, кечаси ишлашни ташкиллаштирасиз”, деган ҳоким.

Ортиқхўжаев ички ишлар ходимларига мурожаат қилиб, таъмирланаётган йўлларда тартибни ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга чақирди.

“Йўл-патруль хизмати ходимлари ҳам масъулиятни тушунган ҳолда таъмирланаётган жойда назорат ўрнатиб, одамлар учун қулайлик яратиши керак. Бу 10 кундан ўтиб кетса, кечирилмайди. Прокуроримиз маблағларни бебилиска ишлатилмаслигини ва сифатни назорат қилиб беришса. Бирорта чуқур қолмаслиги керак, сифатсиз қабул қилмаймиз”, деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Ҳоким ишларни имкон даражасида машиналар қатнови кам бўлган кечки вақтда ташкил қилишга кўрсатма берган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Баҳолаганлар

228

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг