Ўтда ёнмас дрон ишлаб чиқилди

Бу қизиқ

image

Швейцариялик тадқиқотчилар ёнаётган бинолар ва ўрмонларда қўлланилиши мумкин бўлган иссиқликка чидамли дронни ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Euronews” маълум қилди.

Ёнғинга чидамли дрон Швейцариянинг робототехника лабораторияси раҳбари Микро Ковак томонидан яратилди. Ушбу янгиликка сабаб одатий дронларнинг пластмассадан ясалиши ва ёнғинга чидамли эмаслиги бўлган. 

“Одатда ёнғин бўлса, “Ичкарида кимдир борми?”, “Оловнинг манбалари қаерда?” деган саволлар пайдо бўлади. Биз буни ёнғин дрони орқали аниқлашимиз мумкин”, деди профессор.

Олимнинг сўзларига кўра, уни бу ихтирога 2017 йилда Лондоннинг Гренфелл минорасида содир бўлган фожиа илҳомлантирган. Ўшанда турар жой блокларидан чиққан ёнғин сабаб 72 киши халок бўлган. 

“Мен Лондондаги минорага яқин жойда яшардим. Бу воқеани кўриш жуда даҳшатли эди. Одамлар мендан ичкарида уча оладиган дрон борми, деб сўрашарди. Менда эса бундай қурилма йўқ эди”, деди у.

Янги дрон ёнғин содир бўлган жойни харитада кўрсатиши ва иссиқликка чидамли камера ёрдамида оловда қолганларни аниқлаши мумкин. Оловга чидамлиликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарувчилар суюқлик ўрнида газдан тайёрланадиган полиимид аэрогелидан фойдаланган. Шунга қарамай, бу дрон ҳам оловда узоқ вақт туролмайди, у 200 даража иссиқликда 10 дақиқа давомида ишлаши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ой Жанубий Корея миллий оркестри концертида робот-дрижёр синовдан ўтказилган эди.

Севара Ҳусниддинова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

дрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг