Усмоновнинг компанияси Ўзбекистон энергетика комплексини рақамлаштиришда иштирок этади

Жамият

image

Россиянинг “ИКС Ҳолдинг” кўп тармоқли ИТ-тузилмасининг ишчи гуруҳи Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Ушбу компания Ўзбекистон Республикасининг ёқилғи-энергетика комплексини рақамлаштириш концепцияси ва йўл харитасини ишлаб чиқади. Бу ҳақда “ИКС Ҳолдинг” компанияси расмий веб-сайтида маълум қилинган

Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 февралида бўлиб ўтган очилиш йиғилишида Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов, ушбу вазирлик томонидан назорат қилинадиган энергетика компаниялари раҳбарлари, шунингдек “ИКС Ҳолдинг” вице-президенти Станислав Киселев ва ушбу компаниянинг Трансформация бўйича директори Екатерина Земскова иштирок этган.

Станислав Киселевга кўра, “ИКС Ҳолдинг” компанияси таркибида Ўзбекистонда амалга ошириш кутилаётган рақамлаштириш каби жараёнларда қатнашиб, тажрибага эга бўлган 120 нафар мутахассис бор.

“Бизнинг компания экотизими ушбу вазифани муваффақиятли уддалаш учун етарли даражада техник ечимлар ва тажрибага эга. Бунга металлургия ва нефть қазиб олиш соҳаларида саноат корхоналари учун рақамлаштириш бўйича лойиҳаларда тўпланган билим ва тажриба киради. 

Ўзбекистон Энергетика вазирлигига бизга ишонч билдиргани учун миннатдорчилик изҳор этамиз ва уни тўла оқлашга ҳаракат қиламиз”, дейилади расмий баёнотда.

“ИКС Холдинг” вице-президент Станислав Киселевга кўра, лойиҳа уч босқичда амалга оширилади: 

•  Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ ва энергетика соҳаси корхоналарининг ҳозирги бизнес жараёнлари ва АКТ архитектурасини ўрганиш;

•  дунёнинг илғор тажрибаларини таҳлил қилиш ва рақамлаштириш бўйича таклифларни шакллантириш; 

•  саноатни рақамлаштириш учун умумий йўл харитасини яратиш.

Маълумот ўрнида, “ИКС Ҳолдинг” ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома 2020 йилнинг 15 декабрь куни Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида имзоланган. Ҳужжатни компания раҳбари Антон Черепенников ва Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов имзолади.

Маълумот учун, россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли USМ холдинг компанияси 2020 йилда “ИКС Холдинг”нинг 100 фоиз акцияларини сотиб олган. “ИКС Холдинг” таркибига бешта субҳолдингга бирлаштирилган 27та компания киради.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмоновнинг USМ Телеком ва “МегаФон” компаниялари ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда янги қўшма корхона – Digital Holding’ни ташкил этди. Компания Ўзбекистон алоқа бозорига кириб келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Усмонов

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг