Усмон Азим Қозоғистонда мукофотланди
Маданият-санъат
−
16 Декабрь
3354Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Қозоғистоннинг адабиёт соҳасидаги халқаро “Alash” мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, мукофот ижодкорга Олмаота шаҳрида Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил этилганининг 90 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда топширилган.
Шунингдек, ушбу мукофот Халқаро Туркий Маданият Ташкилоти (TÜRKSOY) ташкилоти бош котиби Султон Раев, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор Рзаев, Туркия Ёзарлар бирлиги раиси Муса Козим Арижан, Қирғизистон халқ ёзувчиси Арслан Койшиев каби атоқли ижодкорларга ҳам топширилган.
Маълумот учун, Усмон Азим 1950 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. 1972 йилда Тошкент Давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таълим олган. У ўзининг “Инсонни тушуниш” номли илк китоби билан 1979 йилда адабий жамоатчилик эътиборига тушган. Шундан сўнг шоирнинг “Ҳолат”(1979), “Оқибат” (1980), “Кўзгу” (1983), “Сурат парчалари” (1985), “Дарс” (1985), “Иккинчи апрель” (1987), “Бахшиёна” (1989), “Ғаройиб аждарҳо” (1990), “Уйғониш азоби” (1991), “Ғусса” (1994), “Узун тун” (1994), “Бор экан-да, йўқ экан” (1995), “Сайланма” (1995), “Куз” (2001) каби шеърий ва “Жоду” (2003), “Адибнинг умри” (2010), “Сўнгсўзлар” (2020) насрий тўпламлари, наср ва назмдан иборат “Коллаж” (2018) насрий тўпламлари нашр этилган.
Қолаверса, Усмон Азим уч мингга яқин шеърий асарлар муаллифи саналади. У Грузиянинг Владимир Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). “Дўстлик“ ордени (1998) билан мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг қарори билан Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “Ҳурмат” ордени билан тақдирланганди.
LiveБарчаси